Ўзбекистон | 16:13 / 16.11.2022
19252
2 дақиқада ўқилади

Йўл талашиш оқибатида содир бўлган ЙТҲ уч кишининг ўлимига сабаб бўлди

Тошкент-Термиз йўналишида ҳаракатланган Spark машинаси ўзи билан бир йўналишда кетаётган Nexia-2 билан тўқнашган. Kun.uz манбасига кўра, ҳар иккала машина ҳайдовчилари ҳаракатланиш давомида йўл талашиб, бир-бирини сиқиб қўйган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz сўровига кўра маълумот беришича, 2022 йил 1 ноябр куни соат 20:00 ларда, М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод тумани “Гумбулоқ” МФЙ ҳудудидан ўтган 1266-километрида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорти содир бўлган.

Ҳайдовчи Б.Т. ўзига тегишли бўлган Spark машинаси билан Тошкент-Термиз йўналишида кетаётиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган Nexia-2 машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда, Spark ҳайдовчиси, ушбу машина йўловчиси ҳамда Nexia-2 машинаси ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Kun.uz манбасининг ҳодиса юзасидан берган маълумотларига кўра, Spark ва Nexia-2 машиналари ҳайдовчилари ва йўловчилари Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаролар бўлиб, улар Деҳқонободга тўйга келишган.

Ортга қайтишда улар йўлда кетаётиб, бир-бирининг ҳаракатланишига халақит берган ва оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодисада уч киши вафот этган ва яна уч киши турли даражадаги тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Аввалроқ, 2022 йил 1 январ куни М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган ЙТҲда 5 киши вафот этганди.

Шунингдек, 2021 йил 5 август куни М-39 халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lacetti Термиз-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган Isuzu юк машинасига урилган. Оқибатда Lacetti машинасида ёнғин келиб чиққан ва унинг ичида бўлган тўрт нафар фуқаро таниб бўлмас даражада куйиб вафот этганди.

Мавзуга оид