Зеленский Россиянинг йирик ракета ҳужумларига реакция билдирди
Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украинага уюштирган йирик ракета ҳужумларига муносабат билдирди.
Зеленский тегишли мурожаатни ижтимоий тармоқларда жойлаштирди.
Украинага 85 та ракета зарбаси берилди, уларнинг аксарияти энергетика инфратузилмасига қаратилган, деди у.
«Ҳали олдинда яна 20 га яқин зарбалар бўлиши мумкин», деб тахмин қилди Зеленский.
Бундан олдин АҚШ Россиянинг ракета зарбаларини қоралаб чиққанди.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади.
«Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага қарши сўнгги ракета зарбаларини кескин қоралайди, бу ҳужумлар Киевдаги турар-жой бинолари ва бутун мамлакат бўйлаб бошқа иншоотларга зарар етказган. Бали оролидаги G20 саммитида дунё етакчилари йиғилиб, одамларнинг ҳаёти учун катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилганда, Россия бу ҳаётга таҳдид солаётгани ва Украинанинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилаётгани эътиборимиздан четда қолмади», деди у брифингда.
15 ноябр куни Россия томонидан Украина шаҳарлари бўйлаб оммавий ракета зарбалари берилди. Оқибатда, турар жой бинолари, муҳим инфратузилма объектларига жиддий зарар етказилди. Қурбонлар сони маълум қилинмади. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан 100 га яқин ракета учирилгани ва бу сўнгги ойлардаги энг юқори кўрсаткич бўлганини маълум қилди.