“Ўзавтосаноат” савдони ривожлантириш ва маркетинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Беҳзод Холиқов Kun.uz билан суҳбатда Оnix'нинг аввал эълон қилинган нархларидан қиммат сотилаётгани, узун навбатлар ва келгусида бюджет автомобиллар ишлаб чиқариш режаси бор-йўқлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Узун навбатлар юзага келишига қайси омиллар таъсир ўтказмоқда?

— Навбатлар тез орада йўқолади. Мана шу ойларда тизим қотиб қолганлиги учун шартномалар 2-3 та бўлиб кетган бўлиши мумкин. Шу сабаб етказиб бериш муддати июл, август, сентябрга ҳам ўтиб кетди. Масалан, битта одам 3та машинага пул тўлаган бўлса, автоматик иккитаси бекор қилинади. Шу жиҳатдан автомобил етказиб бериш муддати 2-3 ойгача қисқариб бораверади.

Бундан ташқари, бутловчи қисмларнинг етиб келиши кейинги йилнинг биринчи чорагидан бошлаб кўпайишига умид қиляпмиз. Шунинг ҳисобига ишлаб чиқаришимиз ҳам тезлашиб кетади. Ўйлайманки, тез орада кутиш муддатлари камайиб кетади.

Нима учун 9-12 минг доллар атрофида сотилиши айтилган Chevrolet Onix анча қиммат нархларда сотувга чиқарилди?

— Нархлар ўтган йили эълон қилинганди. Ўша пайтдаги режалар ҳам шундай эди. Ҳозирги геосиёсий вазият туфайли жуда кўп нарса ўзгариб кетди. Бутловчи қисмлар дунёнинг турли қисмларидан етказиб берилади. Хусусан, Россия орқали келиши керак бўлган йўналишлар ҳам ўзгарди. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича, логистик харажатлар 385 фоизга ёки қарийб 4 баробарга ошди.

Тайвандаги микрочиплар ишлаб чиқарувчи заводда ҳам ёнғин юзага келди. Бу завод дунё бўйлаб 20 фоиз чиплар таъминотини амалга оширган. Ҳозирда тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Хуллас, шу каби кўплаб муаммолар бор. Нархлар ошиб кетган. Шунинг ҳисобига, олдин айтилган нархлардан Оnix'ни қимматроқ сотишга мажбур бўляпмиз.

— “Ўзавтосаноат”нинг яқин келажакдаги режаларидан бюджет автомобиллар ҳам ишлаб чиқариш ўрин олганми?

— Албатта. Нархларни ҳозир эълон қилиш хато эканини Оnix мисолида кўрдик, буни айтмаганим маъқул. Лекин биз ҳар доим бюджет автомобиллар ишлаб чиқаришни режа қилишдан тўхтамаганмиз. Оnix ҳам ўзи шунақа бўлиши керак эди. Кейинги йил ёки 2024–2025-йилларгача ҳар йили худо хоҳласа янги бюджет моделлар ишлаб чиқаришни бошлашга ҳаракат қиламиз.