Жаҳон | 18:27 / 17.11.2022
24598
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик аёл қўлида чақалоқ билан такси ҳайдаётгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди

Instagram фойдаланувчиси Қозоғистон пойтахти Остонадаги такси сафари ҳақидаги ғаройиб воқеа билан ўртоқлашди. Видео ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистонлик эркакнинг видеоси ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида тезкор тарқалди. Видео муаллифининг айтишича, у Остонада такси чақирган ва ҳайдовчи ёш болали аёл эканини кўриб, ҳайрон қолган.

«Олдинги йўловчи ўриндиғида чақалоқ ётарди. Беш дақиқадан сўнг чақалоқ йиғлай бошлади. Аёл шошиб қолмади. У бир қўли билан рулни ушлаб, иккинчи қўли билан чақалоқни кўтариб, эмизишни бошлади. Тез орада бола тинчланди», деб ёзди у.

Пост муаллифи аёл билан суҳбатлашиб, чақалоқ эндигина беш ойлик эканини, уни отасиз тарбиялаётганини билиб олган. Шунингдек, аёл эрталаб соат еттидан тушгача такси ҳайдашини, кейин кечки овқатдан кейин яна рулга ўтиришини аниқлаган.

«Ҳамманинг тақдири ҳар хил. Балки унинг қарзлари бордир. Унинг бу аҳволи адолатлими? Чақалоқ муносиб фуқаро бўлиб улғайишини тилайман», деб ёзди муаллиф.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Қозоғистон полицияси аёлнинг шахсини аниқлаган (унинг исми Асел) ва бу қилмиши йўл-ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига зид экани ҳақида профилактик суҳбат ўтказган.

«Пойтахт полицияси томонидан ҳайдовчининг шахси аниқланди. У билан болаларни ташишда қўйилаётган талаблар бузилгани юзасидан профилактик суҳбат ўтказилди», — дейилади полиция бошқармаси хабарида.

Шунингдек, полиция ходимлари аёлга болани овқатлантириш учун мўлжалланган стулча совға қилишган.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Аввало, бир гуруҳ фаоллар аёлни қўллаб-қувватлаш учун деярли 2 миллион тенге (қарийб 4400 АҚШ доллари) йиғишга муваффақ бўлишди.

Сўнгра, «Біз біргеміз» жамоат жамғармаси раҳбари Перизат Қайрат турли қурилиш компаниялари билан боғланиб, аёлга уй-жой масаласида ёрдам сўради.

«Ақтўбелик тадбиркор аёл Молдир Суюншали билан боғландик. У Остонада шахсий уйлар қуради. Бир ой олдин у фондимизга янги турар жой мажмуасидан квартира ижарага берган эди. Мен Аселга ушбу квартирани совға қилишни таклиф этдим. У рози бўлди», деди Перизат.

Квартира расман декабрь ойида Аселга топширилади. У беш ойлик қизчаси ва 12 ёшли ўғли билан ётоқхонадан унга кўчиб ўтади.

Асел узоқ кутилган квартирани олишга ёрдам берган барча қозоғистонликларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Қандай бахт, ишонмайман. Катта раҳмат. Ҳалигача ишонмайман. Болаларим билан подъездда тунаб қолган кунларим бўлган. Кундузи квартира қидирардим, кичкина болаларим бўлгани учун ҳеч ким менга жой ижарага бермади. Мен жуда миннатдорман. Сиздек меҳрибон инсонларга катта раҳмат», - деди аёл.

Жамғарма раиси Перизат сўзларига кўра, Асел энди таксичилик қилмайди. Унинг машинаси Остона шаҳар такси депосига тегишли ва Полиция департаменти аёл учун «барча жарималарни бекор қилган».

Мавзуга оид