Россия Ҳаага округ суди MH17 иши бўйича чиқарган ҳукмини сиёсий асосли, деб ҳисоблайди. «Жараённинг бориши ва натижалари шуни кўрсатадики, у Россиянинг фожиага алоқадорлиги тўғрисида Ҳаага ва унинг шериклари томонидан қўшма тергов гуруҳи томонидан илгари сурилган версияни кучайтиришга қаратилган сиёсий буюртма асосида бўлган», — деди Россия ТИВ пайшанба, 17 ноябрь куни.

Маҳкум россияликлар Россияда. Улар Нидерландияга берилмайди, деб хабар қилди «Интерфакс» ахборот агентлиги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таяниб. «Россия Конституциясида Россия фуқароларини хорижий давлатларга экстрадиция қилиш тўғридан тўғри тақиқланган. Шу сабабли на бир, на иккинчи маҳкум экстрадиция қилинмайди», - деди агентлик суҳбатдоши.

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар Нидерландия судининг ҳукмини қўллаб-қувватлади. АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари Энтони Блинкен бу қарорни «2014 йил 17 июлда ҳаётдан кўз юмган 298 кишига адолатни таъминлаш учун давом этаётган саъй-ҳаракатлардаги муҳим қадам» деб атади.

Украина президенти Володимир Зеленский буюртмачилар ҳам жазоланиши кераклиги ҳақида фикр билдирди, чунки «жазосизлик ҳисси янги жиноятларга олиб келади». Ҳукмга Украина Ташқи ишлар вазирлиги ҳам изоҳ берди. «Эълон қилинган ҳукмлар, шунингдек, якунда қарор қабул қилган ва йўловчи лайнерини йўқ қилишга буйруқ берганлар судланувчилар курсисига барибир ўтиришидан далолат беради. Бу одамлар албатта жавобгарликка тортилади», - дейилади идора хабарида.

Бир неча соат аввал Ҳаага округ суди 2014 йил июлида Донбасс осмонида ракета билан уриб туширилган Малайзия авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи самолёти ҳалокатида икки нафар россиялик ва бир Украина фуқаросини айбдор деб топди. Уларнинг барчаси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Айбланувчилар орасида ўзини «ДХР» деб атаган ҳудуд собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский (Хмурий лақабли), полковник Олег Пўлатов (Гюрза) ва Украина фуқароси Леонид Харченко (Крот) бор эди. Гиркин, Дубинский ва Харченконинг айби исботланган деб топилди. Пўлатовга қўйилган айбловлар олиб ташланди.

Суд томонидан кўриб чиқилган тергов хулосаларига кўра, тўрталаси ҳам Россиядан жиноят қуроли - «Бук» зенит-ракета мажмуасининг (ЗРМ) келишига ҳисса қўшган ва унинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган, шу орқали «298 кишининг ўлдирилишида асосий рол ўйнаган». Шунингдек, суд МН17 рейси Первомайский қишлоғи яқинидаги даладан отилган Россиянинг «Бук» ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширилганини исботлаган.