Ўзбекистон | 16:55 / 21.11.2022
10446
4 дақиқада ўқилади

Фуқаролар “Яшил макон” платформаси орқали экилган кўчатлар ҳолатини назорат қилишлари мумкин

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси электрон платформаси орқали назорат қилинмоқда.

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар бир ҳудудда йилига 200 миллион туп кўчатни экиш ва шу орқали мамлакатимиздаги яшил майдонларни кенгайтириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида келгуси 5 йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати ва буталар экилади. Экилган кўчатларнинг ҳолати эса электрон тизим орқали назорат қилиняпти.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов онлайн назорат тизими ҳақида гапириб берди:

“Бу йилги кўчат экиш мавсуми бултургидан тубдан фарқ қилади. Давлат экология қўмитасидан эксперт гуруҳи ташкил қилинган. Бу эксперт гуруҳида 8 та ходимимиз бор. Бу Республикада кўзга кўринган олимлар – арбарис, дендролог, тупроқшунос, агроном олимларимиз. Ва ҳар бир ҳудудда ҳудудий амалий ёрдам ва мониторинг гуруҳлар ташкил қилинган. Давлат экология қўмитасининг таҳлил маркази бор ва бу ерда онлайн режимида мониторинг олиб борилади.

Бундан ташқари ҳар бир штабда колл-марказ ҳам ташкил этилган бўлиб, мурожаатлар узлуксиз қабул қилиняпти. Экилган дарахтлар ҳақидаги маълумотлар ҳудуддаги штаб вакиллари томонидан “Яшил макон” платформасига киритилади.

Платформамиз тубдан ўзгарди, кўп нарсалар қўшилди. Платформада ҳозир туман, вилоят штаблари экилган кўчатларнинг тури бўйича, нави бўйича, ким тарафдан экилди, қайси субъект экди, ижтимоий соҳами, автомобил йўлларими, фермер хўжаликларими экилган кўчатларнинг эгаси бор, масъуллар бор. Ўша масъулларга биратўла бириктирилиб кетиляпти далолатнома билан. Шу бизнинг  платформада акс эттирилади”, - деди у.

 Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги АКТ ва мультимедиа ДУК бош мутахассиси Азамат Отабековнинг таъкидлашича, янги электрон платформада ҳар бир фуқаро оддий мобил телефон орқали маълумот олиши мумкин.

“Яшил макон” платформаси бу “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини жамловчи, уни назорат қилувчи очиқ платформа.  “Яшил макон” платформасида ҳар битта дарахт назоратга олинган бўлиб, улар ўзининг локациясига, суғориш тизими бор-йўқлигига, булар  ҳақида тўлиқ маълумот беради. Ҳар бир фуқаро мобил телефони орқали кириб, бу платформада ўзининг маҳалласида, кўчасида қанақа кўчат тури экилганлиги, унинг сони, унинг суғориш тизими борми-йўқми, экилган кўчатлар кимга бириктирилганлигини кўриши мумкин.

Платформага ҳар битта экилган дарахт кўчатларни киритиш, уни назорат қилиш асосан 3 босқичга бўлинади. 1 босқичи бу туман ҳокимлигида ташкил этилган штаб ходимлари ҳар битта кўчатни ушбу платформага киритиб боради. Киритилган маълумотлар инспекторлар томонидан ўрганилади. Ҳаққонийлиги тасдиқланса, платформамиз яшил рангга ўзгаради. Бу маълумот далолотнома асосида масъул шахсга бириктирилади”, - дея маълум қилди мутахассис.

Масъулларнинг айтишича, ҳудудлардаги питомникларда парваришланган миллионлаб кўчатлар йўл ёқаларига экиляпти. Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги питомникда 20 гектар майдонда манзарали кўчатлар ва буталар парваришланган.

 Вилоятдаги 16 та ҳудудида кўчатзорлар ташкил этилган бўлиб, хусусан, Пахтаобод туманидаги 20 гектарли мана шу майдонда 300 минг туп манзарали кўчатлар ҳамда буталар парвариш қилинмоқда ва ҳар йили 100 минг туп ноёб дарахтларнинг ниҳоллари экиш учун тайёрланади.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Мавзуга оид