«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» фильми окопдаги жанглардан бошланади. Янги сафарбар қилинган аскар окопдан чиқиб, ҳужум қилиш учун югуради ва ўқ овози эшитилади — у биринчи ўқдаёқ ҳалок бўлади. Бу Россиядаги сафарбар қилинганларнинг Сватово яқинидаги ҳалокатини эслатади.

Фокус ҳалок бўлган аскарга эмас, унинг ҳарбий формасига қаратилади. Аскарлар умумий қабристонга дафн этилади. Формалар эса ечиб олиб, фронт ортига жўнатишади. У ерда эса тозаланиб, янги сафарбар қилинганларга тарқатилади. Бу ерда ўша ҳарбий кийимни мактабни эндигина битирган, бироқ аллақачон пропаганда қурбонига айланган Пауло Боймер олади. У билан жанг қилиш иштиёқида ёнаётган яна уч дўсти ҳам фронтга отланади.

Фото: Netflix 

Асар тарихи

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари ёзувчи Эрих Мария Ремаркнинг бошидан ўтказганлари асосида ёзилган романдир. Ремарк 1916 йилда Германия томондан урушга сафарбар қилинади ва ғарбий фронтга юборилади. У бир йил ўтмасданоқ жангда оғир яраланади ва уруш охиригача ҳарбий ҳоспиталда ётади. Урушдан сўнг унга I даражали Темир хоч ордени берилади.

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари биринчи марта 1929 йилнинг январида алоҳида китоб сифатида нашр этилишидан олдин, 1928 йилдан Берлиннинг «Vossische Zeitung» газетасида бўлак-бўлак қилиб чоп этилган. Бугунги кунда ҳам фаолият юритувчи «Ullstein» нашриёт уйи эгалари номаълум муаллифнинг уруш ҳақидаги романини ҳеч ким ўқишни хоҳламаслигидан хавфсираб, асарни оммалаштиришда шундай йўл тутишга қарор қилганди.

Асар ажойиб муваффақият қозонади ва дастлабки уч ойда Веймар республикасида (Германия) китобнинг 500 минг нусхаси сотилади. Бугунги кунда эса асар 53 тилга таржима қилинган ва умумий 40 миллион ададда чоп этилган.

1930 йил роман асосида илк кинофильм суратга олинади. Фильм ҳам китоб сингари катта муваффақиятга эришади ва шу йили «Оскар» мукофотининг «Энг яхши фильм» ҳамда «Энг яхши режиссёр» (Люис Майлстоун) номинацияларида ғолиб бўлади.

Бироқ Германиянинг ўзида Ремаркнинг урушга қарши пафоси мамлакатда тобора кучайиб бораётган ўнг қанот консерватив, реваншистик мафкура билан тўқнаш келади.

1930 йил 4 декабрда аллақачон «Оскар» мукофотига сазовор бўлган фильмнинг Германиядаги премьерасида Йозеф Геббельснинг бевосита назорати остидаги нацистларнинг жигарранг кўйлакли гуруҳи ҳақиқий тартибсизлик уюштиришади: улар залга «бадбўй бомбалар», аксиртирувчи кукун ва бир тўда сичқонларни ташлайди.

«Яҳудийлар! Бу яҳудийлар фильми!» дея бақирган нацистлар томошабинларга ҳужум қилади ва охир-оқибат фильм намойишини тўхтатишга мажбур қилади.