Лейпциг аэропортида портловчи моддаларга эга дрон аниқланиши ортидан Германия ва Россия ўртасидаги зиддият кескинлашди. Берлин ҳодисада рус махсус хизматлари изини кўрмоқда ва РФнинг Бонн шаҳридаги бош консуллиги ҳамда “Рус уйи”ни ёпишга қарор қилди. Бунга жавобан Москва Санкт-Петербургдаги Германия бош консуллигини ёпмоқда.

Мавзу ҳақида “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Ҳамза Болтаев сўз юритди.

— Россия ва Германия муносабатлари нега кескинлашяпти?

Шуҳрат Расул: Бу масалани нафақат Германия–Россия зиддияти доирасида, балки кенгроқ миқёсда кўриш керак. Чунки Россиянинг Финландия ва Норвегия билан муносабатлари ҳам кескинлашмоқда. Масалан, Норвегия ўз ҳудудига Tomahawk ракеталарини жойлаштириш бўйича қарор билдирганидан кейин, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров буни кескин қоралади ва Россия бунга жавоб беришини маълум қилди. Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши, унинг ҳудудида НАТО инфратузилмаси ва ҳарбий контингентининг жойлашиши ҳам Россия учун жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда. Айрим жиҳатларда бу Германия билан юзага келган зиддиятдан ҳам хавфлироқ.

Хусусан, Tomahawk ракеталарининг Норвегияга жойлаштирилиши Россиянинг стратегик хавфсизлиги учун муҳим бўлган Шимолий флот фаолиятига таҳдид сифатида кўрилмоқда. Чунки Россиянинг ядровий триадасидаги сувости атом кемаларининг асосий қисми айнан Шимолий флот таркибида жойлашган. Шу сабабли Москва бу жараённи стратегик хавф сифатида қабул қилмоқда.

Германиянинг Лейпциг аэропортида теракт режалаштирилгани, хусусан Украина самолётига дронлар ёрдамида зарба берилиши керак бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Германия полицияси бу режанинг олдини олган. Немис ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур операция ортида Россия томонидан ёлланган шахслар ва Россия махсус хизматлари турган, деган хулосага келмоқда. Натижада Германия ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада кучайтириш чораларини кўрмоқда.

Хусусан, Германиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва улар учун мўлжалланган ракеталаридан катта партияни Украинага етказиш масаласи кўтарилган. Бу тизимлар Patriot тизимининг тўғридан тўғри аналоги бўлмаса-да, у Украинага берилаётган муҳим ҳаво мудофаа воситаларидан биридир. Бундан ташқари, Германия Украинага бошқа турдаги қурол-яроғлар билан ҳам ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Туркиянинг Украинага узоқ масофага учувчи ракеталар етказиб бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Энди Германиянинг ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қилиши Россия–Германия муносабатларини янада кескинлаштирмоқда.