Қўқон хони Худоёрхон ва унинг фарзандларининг ҳаёти жуда чигал кечган. Хон ғарибликда, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида вафот этган. Унинг фарзандлари ҳам турлича тақдирга дуч келган. Улар орасида кенжа ўғил бўлган Фансуруллобекнинг ҳаёти ҳам аянчли тугаган. Чор Россиясининг «қора рўйхати»га тушганига қарамасдан омон қолган Фансуруллобекни охир-оқибат мустабид совет тузуми йўқ қилган.

Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхоннинг тақдири чигал кечган. Аввалига Ўрта Осиёдаги йирик давлатни бошқарган ушбу шахс, кейинчалик руслар босқинидан сўнг Оренбургга сургун қилинади. У ердан қочиб ҳажга боргач, қайтишда ғарибликда вафот этади.

Тарихга назар ташланса, Худоёрхон вафот этгандан сўнг фарзандлари ҳам осон ҳаёт кечирмагани ва уларнинг тақдири ҳам турлича кечганини кўриш мумкин.

Худоёрхон авлодидан бўлган, унинг ўғли Саййид Умарбекнинг набираси Шоҳруҳбек Умаров ўзининг «Худоёрхон авлодлари тарихи» китобида ёзишича, хоннинг 11 нафар фарзанди бўлган.

Ўғиллари – Насриддинбек (1850-1882), Муҳаммад Аминбек (1857-1923), Саййид Умарбек (1863-1928), Ўрмонбек (1867-1883), Ибн Яминбек (1871-1918), ва Фансуруллобек 1872-1931).

Қизлари – Шаҳзодахон (1861-1919), Тўрапошшохон (1863-вафот этган йили аниқ эмас), Хонпошшахон (1867-1930), Моҳзодахон (1867-вафот этган йили аниқ эмас) ва Озодахон (1871-вафот этган йили аниқ эмас).

Хоннинг фарзандлари орасида Фансуруллобек алоҳида ўрин тутади. У аввалига жадидлар ҳаракатига қўшилади. Мунавварқори билан билан бирга газеталар чоп этишда қатнашади. Даврий матбуотда ўз мақолаларини, шеърларини эълон қилади.

Туркистон советлар томонидан эгаллангач умрининг охиригача юрт озод бўлишини орзу қилиб ўтади. Фансуруллобек 1930-йиллар бошида бошланган мустабид Сталин қатағонининг қурбони бўлади.

Худоёрхоннинг кенжа ўғли Фансуруллобекнинг қачон туғилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Унинг туғилган йилини турли тадқиқотчилар турлича ёзишган. Кимдир у 1870 йилда туғилган деса, яна кимдир 1872 йилда дейди.

Таниқли олим Шариф Юсупов ўзининг «Худоёрхон ва Фурқат» китобида 1889 йилда Фурқат Қўқондан Тошкентга кўчиб ўтганда Фансуруллобек 20–22 ёшли йигит бўлган дейди.

Шоҳруҳбек Умаров эса Фансуруллобекни 1872 йилда туғилган деб маълумот беради. Аммо Шариф Юсупов ўз асарида Фансуруллобек отасидан ажраб қолганда 6-7 ёшли бола бўлганини ёзган.