Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябр куни Бухоро – Урганч – Хива темирйўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишди.

«Мамлакатимизда транспорт тармоқлари изчил ривожлантириб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилда Бухоро – Мискин темирйўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарган эди. Шу билан бирга, электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқорилигини инобатга олиб, мавжуд темирйўллар электрлаштирилмоқда. Сўнгги йилларда Қарши – Китоб, Поп – Наманган – Андижон ҳамда Қарши – Термиз йўналишлари электрлаштирилди.

Давлат раҳбари хоразмликлар билан учрашганида 2024 йилда Хивага тезюрар электр поезди йўлга қўйилишини айтган эди ва бу режа Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилди. Шу тариқа, Бухоро – Урганч – Хива темирйўлини электрлаштириш бошланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тақдимотда бу ишларнинг бориши ва кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.

Мазкур лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар. Шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади. Лойиҳа доирасида Бухородан Хивагача бўлган 465 километр темирйўл тармоғи электрлаштирилади, бекат, нимстанциялар ва бошқа иншоотлар қурилади.

«Йўлнинг самарадорлиги, шунга яраша, анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлади. Натижада йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради. Бу халқимизга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади», дейилади хабарда.

Тезлик эвазига темирйўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга етади. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизел ёқилғиси тежалади.

Давлат раҳбари лойиҳанинг сифатли бўлишига алоҳида аҳамият қаратди.

«Аввалги лойиҳаларда мутахассисларимиз анча тажриба орттирди, чет эллик консультантлар ҳам жалб этилди. Энди асосийси – ишни сифатли бажариш. Бу йўлни қанча яхши қилсак, халқимизга шароит, туристлар учун қулайлик, иқтисодиётимизга манфаат бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.