Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нукусда Миллий гвардия ходимининг «Макаров» тўппончасини олиб қўйган шахс судда кечирим сўради
Ўз қилмишларига қисман иқрор бўлган, ҳибсга олингунча Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси бўлиб ишлаган 30 ёшли Разбек Бекмуратов қилмишидан пушаймонлигини айтиб, халқ ва президентдан кечирим, суддан эса енгиллик сўради.
Бухорода судланаётган 22 нафар судланувчининг бири бўлган Разбек Бекмуратов 2 июл куни Нукус шаҳри «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказиб, «Макаров» маркали тўппончасини олиб қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди биносида бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлисида 1 декабр куни тушдан кейин Разбек Бекмуратов Нукусда тартибсизликлар рўй берган кунлари бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди.
Суд, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб қайтарар экан, жумладан, у ижтимоий тармоқлардаги видеоларни кўриб, таъсирланиб кўчага ноқонуний намойишга чиққани, 5 июл куни Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши олдида катта митинг бўлиши ҳақидаги хабарлардан кўпроқ таъсирлангани ва қўллаб-қувватлаганини айтди.
Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилингани, жумладан, улардан бирининг кийими мажбурлаб ечтирилаётганда тўппончаси ерга тушиб кетганини кўриб, ўқотар қуролни эгаллаб олганини тан олди.
Ҳибсга олингунга қадар Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси бўлиб ишлаган 30 ёшли Разбек Бекмуратов аввалги суд мажлисида айбига қисман иқрор эканини билдирган эди.
Бугунги бўлиб ўтган суд мажлисида у кўзда ёш билан қилган ишидан пушаймон эканини сўзлаб, президентдан, ўзбек ва қорақалпоқ халқларидан кечирим сўради. Суддан жазо тайинлашда қарамоғида вояга етмаган ёш болалари борлигини инобатга олишни илтимос қилди.
Маълумот учун, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
11:56 / 09.10.2025
Сотилмайдиган санъат – инсон ботинидаги суд жараёни “Кафка ва К” моноспектаклида
15:23 / 26.12.2024
Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича комиссия парламентга ҳисобот берди
23:22 / 05.09.2024
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан суд иши бошланди
21:24 / 05.08.2023