Бухоро вилояти судида Нукус воқеалари бўйича кўриб чиқилаётган суд иши давом эттирилди. Суд ишида жабрланувчилар ҳамда фуқаровий даъвогар тингланди.
Фуқаровий даъвогарга кўра, у лизинг асосида Kamaz юк машинасини харид қилган ҳамда Қорақалпоғистонда ишлаётган бўлган. Нукус воқеалари содир этилган куни ҳайдовчи юк машинани техник кўрикка олиб борган ва қайтишда кўчада оломонга дуч келган. Жараёнда машина ёқиб юборилган ва ҳайдовчига тан жароҳати етказилган.
Даъвогарнинг таъкидлашича, машинанинг таннархи 652 млн сўм. Аммо у лизингга олинган. Шу сабабли етказилган умумий зарар миқдори 966 млн сўмни ташкил қилмоқда. У суддан мазкур зарарни ундириб беришни сўради.

Шунингдек, судда жабрланувчиларнинг ҳам кўрсатмалари тингланди.
Олдинроқ суд ишини жонли эфирда узатиш вақтинча тўхтатилгани, гувоҳлар ва жабрланувчилар бир-бирларининг кўрсатмаларини эшитиб қолмаслиги учун прокурор ЖПК 432-моддасига мувофиқ эфирни тўхтатишни сўрагани ҳақида хабар берилганди.
















