Свет сурункали ўчиб туриши сабаб айниқса мамлакатдаги касалхоналарда аҳвол оғирлашиб кетди. Беморлар операцияси шам ёруғида қилинаётгани ёки муддатидан аввал туғилган чақалоқларни вакуумга солиш учун ҳам электр йўқлиги кўринган видеолар тарқалмоқда.

Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган ёки узилишлар билан ишламоқда.

Шу каби муаммолар фонида ижтимоий тармоқлар одамларнинг электр ва иситиш таъминотидан норозилик постларига тўлди. Улар электр ва газга ажратилаётган пуллар, соҳадаги компанияларга берилаётган имтиёзлар, йилдан йилга ошиб бораётган субсидиялардан фойда бўлмаётганини ҳукуматнинг юзига солмоқда.

Лекин ҳозирча бирор бир расмий юзага келган инқирознинг батафсил шарҳи ва ечимлар ҳақида гапирмади.

Ўзбекистондаги электр ва газ етишмовчилиги – чуқур, тизимли муаммолар натижаси. Энергетика тизими хусусийлашмаган, соҳада давлат монополияси амал қилади. Хусусий инвестициялар йўқлиги боис тизим техник жиҳатдан эскирган. Бунинг устига, мамлакат миллий манфаатларига зид тузилгани айтиладиган халқаро шартномалар, коррупция кўлами баландлиги, газ қуйиш шохобчаларидаги катта ўғриликлар, катта ҳажмда энергия истеъмол қилувчи самарасиз давлат корхоналари ва заводлар. Бу каби масалалар ҳал қилинмас, қайта кўриб чиқилмас экан, соҳа ўнгланмайди, муаммолар эса ечилмайди.

Аммо ҳозир жим туриб ё кутиб ўтириб ҳам бўлмайди. Ҳукумат катта масалалар ечимидан аввал одамларни эндигина кириб келган шу қишдан чиқариш чораларини кўриши керак. Хўш, энергия таъминотини яхшилаш борасида бугун қандай шошилинч чоралар кўрилиши керак?

Kun.uz мухбири бу борада соҳанинг бугунги ҳолатидан хабардор бир неча суҳбатдошдан фикрларини сўради.

Алишер Қодиров, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари

Биринчидан, йўқотишлар, зарар ва авариялар бўлса ҳам, аввалги йилларда қилинганидек газ ва электр узатиш мумкин бўлган даражада узатишда давом этиш керак.

Иккинчидан, етказиш имконсиз бўлган жойларга хокимларни шахсан жавобгарлигини белгилаган ҳолда кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш керак. Етарли даражада кўмир ва суюлтирилган газ сотиб олишни энергокомпаниялар таъминлаши керак.

Учинчидан, Экология қўмитасига ягона масъуллик юклатилиб, фақат қуриган (!) дарахтлардан ўтин тайёрлаш ва хокимликлар тавсияси билан энг зарур хонадонларга ўтин етказиб бериш орқали бетартиб дарахт кесилишлари олдини олиш керак.