Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров охирги вақтларда оиладаги ажримларнинг 50 фоизидан кўпига қайнона-келин муносабатлари сабаб бўлаётгани ва бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлиги бўйича мусулмон оилаларга мурожаат қилди.
«Аввало қайнона ва келин кимлигини билиб олиш керак»
— Агар оила ислоҳли, тинч-тотув, саодатли бўлса, уларнинг бирлашиши натижасида катта бир саодатли, бахтли, ислоҳли жамият барпо бўлади. Шунинг учун оилага катта эътибор қаратилади. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг «Сизларнинг ҳаммаларингиз роийсизлар. Яъни бошқарувчисизлар ва мана шу бошқарув учун сўраласизлар», деган ҳадислари бор.
Оила раҳбари эркак киши, ота у ўзи учун жавоб беради. Она боланинг тарбиячиси ва у ҳам ўзи учун жавоб беради. Яъни ҳаммамиз бир кун Аллоҳнинг ҳузурида мана шу роийлигимиз учун жавоб берамиз.
Кейинги пайтларда олдин ҳеч эшитмаган, рўй бермаган воқеалардан хабардор бўляпмиз. Оиладаги муаммолар охирги пайтларда келин ва қайнона ўртасида бўлаётгани ҳаммамизни ташвишга соляпти. Қайнона ким, келин ким? Аслида шу саволга жавоб топиш керак. Қайнона бу келиннинг жуфти ҳалоли бўлган эрининг онаси. Яъни келиннинг ҳам онаси. Чунки никоҳ боғланиши билан, қайнона ва қайнота келин учун гўёки ота-она ўрнига ўтади. Келин эса қайнона учун эҳтиёт қилиб, парвариш қилиб, кўзининг қорачиғидек асраб-авайлаган фарзандининг жуфти ҳалоли, уйига бахт-саодат олиб келган набираларининг онаси ҳисобланади. Ҳар иккиси ҳам бир-бирига ислом одобида, қадимдан келган урф-одатларимизга риоя қилиб муомала қилганида эди, қайнона келин муаммолари чиқмаган бўлар эди.
“Ажримларнинг ярмига қайнона ва келин муносабатлари сабаб бўляпти”
— Аввалги даврларга қарасак, қайноналар келинларига онадек, келинлар қайноналари учун худди ўзининг онасидек меҳр кўрсатган. Аслида ислом тарбияси ҳам мана шу. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. “Катталарни ҳурмат қилмаган ва кичикларимизга раҳм қилмаган инсон биздан эмасдир, яъни бизнинг уммат сафидан эмасдир”, дедилар. Мана шу ҳадиснинг ўзиёқ қайнона ва келин муносабатини ислоҳ қилиши, қайнона келинига раҳм қилиши унга меҳр кўрсатиши кераклигини билдиради.
Бизда кейинги пайтларда келин олишда қайнона томонидан нуқсонлар чиқяпти. Ҳар чоршанба куни оилаларни қабул қиламиз. Чунки шу кунни фуқароларни қабул қиладиган кун деб эълон қилганмиз. Бизга оилавий можаролар билан жуда кўп аризалар жўнатишган. Уларнинг можаросини ўрганганимизда, ажримларнинг деярли 50 фоиздан кўпига қайнона ва келин муносабатлари сабаб бўляпти. Яъни қайнона ва келиннинг ихтилофи орқали оила бузиляпти.









