Перуда норозилик намойишлари туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Бутун Перуда йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи 30 кунга тўхтатилди ва ҳарбийларга қўшимча ваколатлар берилди. Бир ҳафтадирки, мамлакатда ҳокимиятдан ағдарилган президент Кастильони қўллаб-қувватловчи оммавий митинглар ўтказилмоқда.
Перуда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида мамлакат ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди. Бу режим 30 кун давомида амал қилади ва норозилик намойишлари чоғидаги зўравонлик ҳаракатлари муносабати билан эълон қилинди, деб хабар берди 14 декабрь, чоршанба куни мудофаа вазири Луис Отарола.
Шу тариқа, Перуда йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи тўхтатилди ва ҳарбийлар қўшимча ваколатларга эга бўлади, улар энди шаҳарларни патрул қиляпти. Ҳозирча комендантлик соати жорий қилмасликка қарор қилинди, дея хабар берилган қўшимча равишда. Мамлакатнинг янги президенти Дина Болуарте фуқароларни хотиржам бўлишга чақирди. «Перу қонга беланиб қолмаслиги керак», деди у.
Айни пайтда, мамлакат жанубида ҳокимиятдан ағдарилган президент Педро Кастильонинг минглаб тарафдорлари яна кўчаларга чиқиб, унинг озод этилиши ва зудлик билан янги сайловлар ўтказилишини талаб қилишди. Бир қанча касаба уюшмалари умуммиллий иш ташлашга чиқди.
Перуда норозилик намойишлари президент Педро Кастильонинг лавозимидан четлатилиши ортидан бошланди. 7 декабрь куни парламент унга «маънавий қобилиятсизлиги» учун импичмент эълон қилди. Бир неча соат ўтгач, Кастильо полиция томонидан қўлга олинди, суд қарори билан у етти кунга тергов изоляторига жойлаштирилди. Кастильо конституциявий тузумга қарши ҳаракат қилиш ва давлат тўнтаришига уринишда айбланмоқда. Қўлга олинганидан кейин у Мексикадан сиёсий бошпана сўради.
Педро Кастильо ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг, президент вазифаларини унинг ўринбосари Дина Болуарте бажара бошлади. Намойишчилар унинг истеъфосини, Кастильо озод этилишини ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Улар, шунингдек, умуммиллий иш ташлашга чақиришди. Ҳозиргача оммавий намойишлар ва полиция билан тўқнашувларда етти киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Мавзуга оид
14:22 / 16.11.2024
Перуда Хитой сармоясига қурилган мегапорт очилди
18:24 / 04.11.2024
Перуда футболчи ўйин вақтида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди
10:30 / 01.11.2024
Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди
21:55 / 22.10.2024