Ўзбекистон | 12:46 / 19.12.2022
7980
3 дақиқада ўқилади

Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш истиқболлари муҳокама қилинди

Германиядаги ватандошларимиз, соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирокида «Ўзбекистонда табиий ресурсларни барқарор бошқариш: халқаро тажриба ва миллий яшил иқтисодиётга ўтиш истиқболлари» мавзусида ўтказилган анжуманда Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбирига кўра, тадбир давомида спикерлар томонидан яшил иқтисодиётнинг моҳияти, роли, афзалликлари, табиий ресурслардан самарали фойдаланишда Германия ва Европа давлатларида яратилган натижалар, экологик барқарорлик ва инсон ҳаёти фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ривожланишда «Яшил» иқтисодиётдан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар муҳокама марказида бўлди.

Умумий ялпи йиғилиш ва 4та ишчи бўлимдан иборат бўлган анжуманда «Марказий Осиёда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш», «Хатарларни бошқаришда рақамлаштиришнинг роли ва иқлим ўзгаришида ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги», «Яшил иқтисодиёт нуқтайи назаридан сув ва энергиядан барқарор фойдаланиш», ҳамда «Иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарорликни таъминлаш» мавзуларида чиқишлар тақдим этилди.

«Яшил» иқтисодиётнинг бош вазифаси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш жараёнларини экологик стандартларга мос тарзда ўзгартиришдан иборат.

«Яшил» иқтисодиёт концепцияси қуйидаги беш тамойилларни ўз ичига олади:

1. Инсон фаровонлигини яратиш ва ундан самарали фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

2. Инсонлар орасида иқтисодий ва ижтимоий тенгликни таъминлаш.

3. Табиатни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш;

4. Истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг кам углеродли, ресурсларни тежайдиган, хилма-хил ва барқарор шаклларига ўтишни қўллаб-қувватлаш;

5. Инсон фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида жамият манфаатларига мос келадиган молиявий тизимни шакллантириш.

Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётни шакллантиришда Германия ва қўшни Европа давлатларида фаолият юритаётган ва илмий изланиш олиб бораётган маҳаллий ва ўзбекистонлик олимлар ва мутахассисларининг бу соҳада тўплаган бой илм ва кўникмалари, инновацион ёндашувлари, замонавий технологиялар ва илмий ишланмаларини кенг татбиқ этишдан иборат. Анжуман доирасида табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича Европа давлатларида яратилган илмий-инновацион натижалар муҳокама қилинади ва уларни мамлакатимизда татбиқ этиш истиқболлари бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Анжуманда ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар, олимлар, мустақил изланувчилар, докторант ва магистрлар, ҳамда халқаро мутахассислар иштирок этди. Анжуманда тақдим қилинган барча илмий лойиҳалар мақолалар тўплами сифатида чоп этилади.

Қайд этиб ўтиш керак, тадбир Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги, Ўзбекистон Республикасининг Берлин шаҳридаги элчихонаси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.

Мавзуга оид