2023 йили қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” номли тараққиёт стратегиясига кўра, жорий ўн йиллик охирига келиб Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори мамлакатлар қаторига киришни мақсад қилган.

Бунинг учун барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, атроф-муҳитни асраш, шунингдек, инсонлар эҳтиёжларига қаратилган давлат хизматларини такомиллаштириш кўзда тутилган, деб ёзади London Post.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг асосий кўрсаткичлари қандай?

Мамлакатда 2017 йилдан буён ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиши 5,3 фоизни ташкил этиб, бу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар даражаси бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаш имконини берди. 2018 йилда ЯИМ ўсиши 5,4 фоизни ташкил этди, бу мамлакат иқтисодиётининг ижобий динамикасидан далолат беради. 2019 йилда иқтисодиёт 5,6 фоизга ўсиб, барқарор ривожланиш тенденциясини давом эттирди. COVID-19 пандемияси билан боғлиқ глобал иқтисодий қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 0,7 фоизлик ижобий ўсишини сақлаб қолди. 2021 йилдаёқ иқтисодиёт тикланиб, ЯИМ 7,4 фоизга ўсди.

Кейинги йил ЯИМ ўсиши 5,8 фоизни кўрсатиб, иқтисодий ривожланиш барқарор кетаётганини тасдиқлади. 2023 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди ва 115 миллиард долларни ташкил этди. Ниҳоят, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 130 миллиард АҚШ долларигача кўтарилди, бу мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсишидан далолат беради. Бундай кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятини акс эттиради.

2023—2025 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда. Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2024 йил апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 20 та махсус иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Уларнинг резидентлари сифатида 771 та корхона иш олиб бормоқда. Мазкур ҳудудлардаги саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажми мамлакат иқтисодиётининг сезиларли қисмини ташкил этади.

Махсус иқтисодий зоналар нима учун керак?

Махсус/эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) — мамлакат ичида инвестицияларни жалб қилиш, саноат, савдо ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган алоҳида иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар амал қиладиган муайян ҳудудлардир.