«Буюк доҳий»нинг доҳиёна қарорлари сабаб юз минглаб инсонлар ватанидан айрилган ва она юртидан узоқда вафот этган, яна юз минглаб инсонлар турли туҳмат ва бўҳтонлар билан ўлимга ҳукм қилинган. Бутун бир халқлар йўқликка маҳкум этилган. Kun.uz инсоният тарихидаги энг шафқатсиз давлат раҳбарларидан бири ҳақида ҳикоя қилади, зеро авлодлар уларнинг аждодлари қандай кунларни бошдан ўтказганини билиши ва хулоса чиқариши лозим.

Алам билан ўсган грузин

Иосиф Жугашвили Виссарионович ёки Сталин 1878 йил 18 декабр куни Грузиянинг Гори шаҳрида таваллуд топади. Сталиннинг отаси, келиб чиқиши осетин деб айтилувчи Виссарион Жугашвили пойабзал тикувчи уста эди. Оила анча камбағал бўлиб, жуда кўп ичувчи ота маст ҳолда келиб, ўғлини аямай дўппосларди. Айнан шу калтаклар ёш Сталин руҳида шафқатсизлик ва дийдаси қаттиқликка сабаб бўлади.

Ночор оила ўғилни бепул черков мактабига жойлаштиради. Диний мактабни тугатган Жугашвили пойтахт Тбилисидаги диний семинарияга ўқишга киради. Бу ерда у илк бор жаҳон социалистик ғоялари асосчиси — Карл Маркс китоблари билан танишади. Ёш грузин Кавказдаги социал-демократлар ҳаракати бўлмиш «Масеме-даси»га қўшилади. Социализм тарғиботчисига айланган Жугашвили темирйўлчиларнинг инқилобий гуруҳига раҳбарлик қила бошлайди.

Инқилобий ҳаракатлари сабаб Сталин 1899 йил диний семинариядан ҳайдалади. Шундан сўнг Тбилиси расадхонасига ишга киради ва ўлкадаги сиёсий жараёнлар ҳамда намойишларда фаол қатнаша бошлайди.

1903 йили Россия социал-демократлари икки гуруҳга: меншевик ва болшевикларга бўлиниб кетгач, Жугашвили анча жангарироқ иккинчи гуруҳни танлайди. «Правда» ва «Звезда» газеталарини ташкил этишда қатнашади ва «Правда» газетасида муҳаррирлик қилади. Газетада «Марксизм ва миллий масалалар» мақоласи чоп этилгач, Сталин миллий масалалар бўйича мутахассис сифатида обрў қозонади. Болшевиклар раҳбари Ленин кўрсатмаси билан Кавказдаги намойиш ва митингларда қатнашишни тўхтатмаган Сталин етти марта қамоқ ва бир неча марта сургун билан жазоланади.

Ёш Сталин. 1904-йил.
Фото: Live Journal

«Сталин» номи қандай пайдо бўлганди? Ҳақиқатда темир ирода учунми?