Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервюсида келаси йил Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида кутилаётган янгиликларга муносабат билдирди.

– Президент эркин энергетика бозорига ўтиш шарт эканини таъкидлади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами юқори тарифлардан субсидиялар орқали ҳимоя қилиниши айтилди. Сиз энергетика ислоҳоти ҳақида кўп ёзасиз. Сизнингча, субсидиялар масаласида қандай йўл тутилиши керак?

– Давлат ўзининг ижтимоий ҳимоя реестри орқали кимга ёрдам бериш кераклигини аниқлаштириб олди. Яъни ўтган давр мобайнида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” шакллантирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва давлат ўртасида контакт шаклланганига умид қиламан. Давлат энергетика ислоҳотига ўтгач, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдамлар тўғридан тўғри берилиши керак.

Реестрдаги аҳолининг электр, газ, сувга оид истеъмолчи сифатида маълумотлари ҳукуматда бор деган умиддаман. 2022 йилнинг ёз ойида юридик шахсларга эълон қилинган тарифларга ўтиш 1 январдан бошланиши мақсадга мувофиқ, бу нархлар ошиши тўғридан тўғри ҳали аҳолига таъсир қилмайди. Аҳолига доир ижтимоий нормалар баҳор ёки ёз арафасида юз берса керак. Улар шунда чўнтагида ўзгариш сезиши мумкин.

Ҳар қандай субсидия манзилли бўлиши керак. Ўртамчилар бўлганда субсидиядан манфаатдор фақат бойлар бўлади. Биз автомобилсозлик, коммунал соҳани субсидиялаяпмиз, аммо ўртада воситачи бўлса, бу субсидиялардан наф бўлмайди.

Агар биз маълумотлар омборхонасини шакллантириб олган бўлсак, ҳар қандай ёрдамни тўғридан тўғри ёрдамга муҳтожларнинг қўлига етказиб беришимиз керак. Агар субсидияларни энергетика етказиб берадиганларга, масалан, Андижон шаҳридаги 1200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг электр токига тўловлари учун деб берадиган бўлсак, бундан манфаатдорлар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бўлмайди. Пул тўғридан тўғри аҳолининг чўнтагига тушиши керак. Шунда самарадорлик бўлади.

Давлат раҳбари тезисларни маълум қилди, механизмлар қандай бўлади – ҳали билмаймиз. Кўряпмиз, Вазирлар Маҳкамаси кейинги пайтлар жуда кўп режаларни охирги лаҳзаларда эълон қиляпти; маслаҳатлашмаяпти, фикрлашмаяпти ва хатолар ҳам кўп бўляпти. Хатоларни камайтириш йўли сифатида ёпиқликни кўришяпти.

– Келгуси йилдан мол-мулк солиғининг бир қисми маҳаллада қолиши режа қилинмоқда...

– Маҳалла бизда қонун бўйича ўзини ўзи бошқариш институти ҳисобланади. Давлат бошқарув органларининг давоми эмас. Лекин охирги 3 йилда, айниқса 2022 йилда, маҳалла давлат сиёсатини юритишнинг бир ричагига айланди. Бунинг салбий натижаларини кўп вақт ўтмаган бўлса-да кўряпмиз. Кутилган юқори даражадаги натижани бермади. Биринчи навбатда биз қонунийликка қайтишимиз керак: маҳалла – ўзини ўзи бошқарадиган мустақил институт. У ўзининг даромадларига, харажатларига эга бўлиши мумкин, бунга ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Аммо бунинг учун маҳалла бошқарув органи раиси маҳалла аъзолари томонидан мустақил сайланган бўлиши керак. Ўтган йили охирги сайловларда ҳокимликларнинг роли ҳаддан зиёд юқори бўлди. Аввал тайинланадиган одамларнинг рўйхати берилиб, ўша одамлар тайинланди.