Янги двигателлар Асакадаги UzAuto Motors заводида ишлаб чиқарилувчи Chevrolet Onix ва Chevrolet Tracker автомобилларига ўрнатилади.
Бугунги кунда UzAuto Motors Powertrain — МДҲдаги ички ёнув двигателларини ҳам бир жойда қуйиб ҳам йиғишга мўлжалланган ягона завод. Бу Ўзбекистонда саноат чиқинди сувларини тескари осмос усулида чуқур тозалаш тизимидан фойдаланадиган биттаю битта заводдир.
Ишлаб чиқариш линиясидан унчалик узоқ бўлмаган масофада ишга тушириш тимсоли сифатида қўйилган тугма ўрнатилди. Тадбир меҳмонлари Chevrolet Onix ва Chevrolet Tracker автомобиллари ишлаб чиқарилиши билан танишиши ва кўргазма учун қўйилган двигателларни турли бурчакларидан кузатишлари мумкин эди.


Таклиф қилинган етакчи ОАВ вакиллари, блогерлар ва завод ҳамкорлари катта қизиқиш билан ушбу линиянинг ишга туширилиши ҳақидаги кичик фильмни томоша қилишди.
Тугмани босиш имконияти корхона Бошқарув директори Саидазим Ғуломов ва пойтахтнинг Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуровга тақдим этилди. Тадбирда сўзга чиққан ҳоким бу заводнинг мамлакатимиз учун муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади: - Бизнинг мутахассисларимиз ҳам замонавий янги двигателларни ишлаб чиқариши инсонга ғурур бағишлайди. Бизнинг мамлакатимиз халқаро брендларнинг юртимизга қизиқишини ошириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтиришни устувор масалалардан бири деб билади ва бу заводнинг очилиши ушбу соҳа ривож топаётганининг ёрқин мисолидир.
Лойиҳа раҳбарларидан бири ҳисобланган Саидазим Ғуломов сўзга чиқар экан, бу заводни кичик муддатларда ишга туширишда жонбозлик кўрсатган мутахассисларга ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Бундан ташқари Ғуломов, компания асосий эътиборини инсон ресурсига ва ходимлар малакасини доимий ривожлантиришга қаратишига алоҳида урғу берди.

Янги линияда ишлайдиган корхона мутахассислари: GROB, ADT, HOUSEN, FINE, HEXAGON каби завод линиясидаги ускуналарнинг ишлаб чиқарувчилари тренингларида қатнашди. Бундан ташқари, мутахассислар GMS бўйича ҳам тренингда қатнашган. (GMS — General Motors'нинг халқаро ишлаб чиқариш тизими) Бу двигателларнинг ўзига хос хусусиятлари — улар кучли технологиялаштирилганлиги, ёқилғини кам сарфлаши ва турбиналарга эга экани.












