XIX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё халқлари ҳаётида муҳим воқеалар содир бўлди. Жумладан, Қўқон хонлиги руслар томонидан босиб олиниб, унинг ҳудуди Россия империяси таркибига қўшиб юборилди. Аввалига Қўқон хонлиги билан ўзаро шартнома тузган руслар, сохта Пўлатхон қўзғолонидан сўнг хонликни батамом эгаллашди. Сохта Пўлатхон ким бўлган ва у хонга қарши нега исён кўтарганди? Советлар бу қўзғолонни эзилган халқ исёни эди деса, бошқалар Худоёрхонда алами бўлган қипчоқларнинг хонга қарши ҳаракати дейди.

Марказий Осиёнинг XIX асрдаги тарихи ҳақида гап кетганда кўпчиликда бир савол туғилади. Нега Чор Россияси Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ярим вассал ҳолда қолдирган-у, Қўқон хонлигини батамом босиб олган?

Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Масалан, руслар Фарғона водийсини Бухоро ёки Хоразмга нисбатан муҳим жой деб билган. Ёки руслар Бухоро амирлигидан кўра, Қўқон хонлигини кучсиз деб билган бўлиши ҳам мумкин – ўша пайтларда Қўқонга ким ҳукмдор бўлиши Бухорода ҳал қилинган.

Аслида эса Қўқон хонлигининг йиқитилишига энг биринчи навбатда Худоёрхон сабаб бўлган. Чунки руслар хонликнинг иккита муҳим шаҳри Чимкент ва Тошкентни босиб олганда ҳам Худоёрхон «ақлини йиғиб олмайди». Халққа янгидан янги солиқлар солиб, хотинбозлик ва кайф-сафони давом эттираверади.

Ўша кезларда Қўқон хонлигида яна бир муҳим ҳодиса – Пўлатхон қўзғолони содир бўлади. Бу ҳодиса руслар томонидан хонликнинг тугатилиши ва унинг ҳудудлари Россияга қўшиб олинишини тезлаштиради.

Қўзғолонгача бўлган вазият

Руслар 1864 йилда Чимкентни, 1865 йилда Тошкентни эгаллагач, Оренбург генерал-губернаторлиги таркибида Туркистон вилояти тузилади. Унинг бошлиғи этиб генарал Михаил Черняев тайинланади.

1867 йилда Туркистон генерал-губернаторликка айлантирилади ва Константин фон Кауфман унинг ҳукмдори бўлади.

Шундан сўнг Россия империяси Қўқон хонлигига нисбатан босимларини кучайтира бошлайди. 1868 йилда Худоёрхон фон Кауфман билан шартнома имзолашга мажбур бўлади.

Шартномага кўра рус савдогарлари бож тўламасдан хонликнинг исталган шаҳрида савдо қилиши, маҳсулот олиб кириши ва олиб чиқиши мумкин эди.

Қалтис вазиятда Худоёрхон мамлакат мудофаасини кучайтириш ўрнига шундоқ ҳам оғир аҳволда яшаётган халққа янгидан янги солиқлар солади. Одамларнинг гарданига юк бўлиб тушадиган фармонлар имзолайди.