Бериянинг лавозимлари кўп эди. Биз фақат энг муҳимлари ва иттифоқ миқёсидагиларини санаб ўтамиз: 1941 йилдан бошлаб Халқ комиссарлари совети (НКВД) раиси ўринбосари, (1946 йилдан министрлар советига ўзгарган ва унинг раиси И.В.Сталин эди), 1953 йилда, Сталин ўлимидан сўнг СССР министрлар совети раиси Маленковнинг биринчи ўринбосари ва бу билан бир пайтда ички ишлар министри. 1941-1945 йилларда Давлат мудофаа қўмитаси аъзоси, қўмита раиси ўринбосари. Олий советнинг 1-3-чақириқлари депутати, КПСС марказий қўмитаси аъзоси, политбюрога номзод ва аъзо, Социалистик меҳнат қаҳрамони, Совет иттифоқи маршали...

Аммо буларнинг ҳаммаси унинг норасмий мақоми олдида ҳеч гап эмасди. Сталиннинг энг яқин тарафдорларидан бири бўлган Берия иттифоқнинг барча кучишлатар тузилмалари, қуролли кучлари, армия ва қуролланиш тизимини бошқарарди. Бугунги кун таъбири билан айтганда у Мудофаа, Ички ишлар, Миллий гвардия, ташқи ва ички разведка, КГБ каби қўлида қурол ушлаши мумкин бўлган барча соҳаларни ўз қўлига олганди. Сталин унга энг мураккаб вазифаларни топширар, у эса садоқат ва совуққонлик билан бажарарди. Иккинчи жаҳон уруши якунидан кейинги даврлардаги энг катта лойиҳа – СССР атом бомбаси ва ракета техникалари дастурининг тамал тошини ҳам айнан Лаврентий Берия қўйганди.

Болалик

Асл исм-шарифи Лавренти Павлес дзе Бериа бўлган қаҳрамонимиз 1899 йилда ҳозирги Грузиядаги Кутаиси губерниясидаги Мерхеули ҳудудида туғилган. Унинг онаси Марта Жакелининг эри эрта қазо қилади ва аёл ўғли ва икки қизи билан қолиб кетади. Иккинчи турмушини Павел Берия билан қурган аёл яна уч фарзанд кўради. Аммо бир ўғил икки ёшида вафот этади, қизалоқ касаллик туфайли кар ва гунг бўлиб қолади. Бу турмушдаги ягона соғлом бола Лаврентий ёшлигидан ана шундай оғир муҳитда ўсган бўлса-да, ўзининг кучли ақлий қобилиятини намоён этади. Буни пайқаган ота-она уйларининг ярмини сотиб, Сухуми билим юртида таҳсил олувчи ўғилларининг таълими учун сарфлашади.

Билим юртини тугатган Лаврентий Бокуга кетади ва механика-техника билим юртида ўқишини давом эттиради. 17 ёшида Нобелларнинг Бокудаги заводига ишга кирган Лаврентий онаси ва гунг синглисини ҳам ўз қарамоғига олади.

Берия партия хизматида

Ундаги инқилобий қарашлар айнан мана шу ёшда бошланган. 1916 йилда яширин марксистик тўгарак иштирокчиси бўлиб ёзилган Лаврентий тез орада унинг ғазначиси этиб тайинланади. 1917 йилдан бошлаб тўлақонли большевикка айланган Берия қатор жангларда қатнашади. Тез орада у контрразведка тизимига ишга ўтади ва 1919-1920 йилларда Қизил Армияни зарур маълумотлар билан таъминлаб туради. Қизиғи, айнан мана шу фаолияти унинг отувга ҳукм қилинишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.