Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Макийивка шаҳри бўйлаб йўлланган зарбалар оқибатида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 89 нафарга етганини эълон қилди. Душанба куни вазирлик 1 январга ўтар кечаси Донецк областининг босиб олинган ҳудудидаги вақтинча жойлашув пунктига HIMARS тизими орқали йўлланган зарба оқибатида 63 киши ҳалок бўлганини хабар қилганди. Москвадагилар ҳарбий хизматчилар тақиқни бузган ҳолда мобил телефонлардан фойдалангани зарбага сабаб бўлганини айтмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги аниқлик киритишича, қурбонлар орасида - полк командири ўринбосари подполковник Бачурин ҳам бор.

«Афсуски, темир бетонли конструкциялар харобаларини тозалаш чоғида қуролдошларимиз орасидаги қурбонлар сони 89 нафаргача ошди», - деган РФ қуролли кучлари бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Севрюков.

Унинг сўзларига кўра, зарба сабаби шахсий таркиб мобил телефонлардан оммавий фойдалангани бўлган. «Бу омил рақибга ракета зарбаси йўллаш учун ҳарбий хизматчилар турган жойни аниқлаш ва координаталарни белгилаш имконини берган», деган у.

Россия мудофаа вазирлиги шунингдек жавоб зарбаси билан Макийивкага зарба йўллаган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими йўқ қилинганини қўшимча қилган (Украина томони бу маълумотни тасдиқламаган).

Бундан аввалроқ ТАСС агентлиги ҳам ўз манбасига таяниб, «HIMARS зарбасига ҳарбий хизматчилар мобил телефонлардан фаол фойдаланиши сабаб бўлгани» ҳақида хабар тарқатганди. «Душман ECHELON разведка комплекси орқали телефонлар фаоллиги ва абонентлар жойлашувини аниқлаган», деган агентлик суҳбатдоши.

Макийивкага зарба

Макийивкада россиялик ҳарбийлар базасига айлантирилган касб-ҳунар мактаби биносига зарбалар янги йил кириб келиши билан йўлланганди. Бу вақтда бинода 600 га яқин одам бўлган бўлиши мумкин.

Якшанба куни Украина қуролли кучлари стратегик коммуникациялар бошқармаси Макийивкага зарба йўлланиши оқибатида сафарбар қилинган россияликлардан 400 нафари ўлдирилиб, 300 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Украина нашрларида ҳам 300 қурбон ҳақида айтилди.

Душанба куни Россия мудофаа вазирлиги Украина томонидан йўлланган зарба оқибатида 63 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини эълон қилганди. Россия ҳарбий идораси маълумотига кўра, HIMARS тизимидан олти снаряд билан зарба берилган, уларнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган.

«Осколкали-фугасли тўртта реактив снаряд россиялик ҳарбий хизматчилар жойлашган бинога келиб урилган. HIMARS реактив снарядлари жанговар қисмлари детонацияси оқибатида бино қулаб тушган», деган Севрюков.