6 январ куни кечқурун россиялик ҳарбий блогерлар РФ қўшини Донецк областининг Соледар шаҳрини эгаллаш учун жангларда муваффақиятларга эришаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган бир томонлама ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, бу ҳудудда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кучлари ҳужум қилишда давом этган.

Хусусан, блогерлар «шаҳарнинг бир қисми назоратга олингани», хусусан «Артемсоль» заводи эгаллангани, шунингдек Россия бўлинмалари гўёки «шаҳар маркази орқали олға ҳаракатланаётгани» ҳақида ёзишди. Шу билан бирга Владимир Путин томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режими ҳақида тилга олинмаган.

«Сулҳ кучсизлар учун. «Вагнер» ХҲК штурмчи гуруҳлари Артемовскнинг шимолий-шарқий чеккасидаги Подгородное қишлоғини озод этишди. Рождествони катталардек нишонлашди», дея ёзган россиялик ҳарбий мухбир Борис Рожин.

Тармоқларда шаҳарда кўча жанглари кетаётгани ҳақидаги видеолар тарқалди, ҳарбий мухбирлар шаҳар атрофидаги посёлкалар озод этилаётгани ҳақида, россиялик айрим спикерлар эса Украина қуролли кучлари шаҳарни тарк этиши мумкинлиги ҳақида ёзишди.

«Ўйлайманки, яқин вақтлар ичида рақиб Соледар ва унинг атрофидаги посёлкаларни тарк этади, душман манбалар Украина қуролли кучлари чекинишга буйруқ олганини тасдиқлашмоқда», деб ёзди «ЛХР» расмийси Виталий Киселев.

Соледар атрофида интенсив жанглар декабр ойи охирида бошланди. Аввалроқ Wall Street Journal Россия қўшинлари Бахмутни эгаллашда Украина қуролли кучларининг қаттиқ қаршилигига дуч келгач, тактикани ўзгартириб, қўшинларни қайта гуруҳлаган ҳолда асосий эътиборни Соледарга қаратганини хабар қилганди.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари, катта эҳтимол билан Украинанинг Донецк области Соледар шаҳрининг катта қисмини назоратига олган. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазирлиги 10 январ куни эълон қилган фронтдаги вазият бўйича шарҳда айтилади. Британ ҳарбий разведкасига кўра, Россия кучлари сўнгги тўрт кун давомида Бахмутдан 10-15 километр масофадаги Соледар шаҳрига ҳужум қилмоқда. Хусусан, жанглар икки томон ҳам бир-бирининг ортига ўтиш имконини берувчи 200 километрлик ташландиқ туз конлари туннелига кириш жойини эгаллаш учун ҳам олиб борилмоқда, дея қайд этади идора.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги қўшимча қилишича, Бахмут катта эҳтимол билан Россия қўшинларининг асосий оператив мақсади бўлиб қолади, аммо улар яқин вақтлар ичида бу шаҳарни ўраб олиши даргумон. «Бахмутга босим кучайганига қарамай, рус қўшинлари уни тез орада ўраб олишлари даргумон, чунки Украина қўшинлари барқарор чуқур мудофаа чизиғини ва таъминот йўлларини назорат қилмоқда», — дейилади ҳисоботда.