Жаҳон | 10:01 / 12.01.2023
10299
3 дақиқада ўқилади

Беларусда президентликка собиқ номзод Дмитриев қўлга олинди

Сўнгги сайловларда Андрей Дмитриев Беларуснинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенконинг рўйхатга олинган тўрт рақибидан бири эди.

Андрей Дмитриев / Фото: ТАСС

2020 йилги сайловларда Беларус президентлигига собиқ номзод, тугатилган «Ҳақиқатни айт» жамоат бирлашмаси ҳамраиси Андрей Дмитриев Минскда қўлга олинди. Бу ҳақда 12 январь, пайшанба куни «Зеркало» нашри ва «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази хабар берди. Уларга кўра, сиёсатчи Окрестин кўчасидаги Минск тергов изоляторида. Унинг қўлга олиниши сабаби номаълумлигича қолмоқда.

Андрей Дмитриев - «Ҳақиқатни айт» жамоат ҳаракатининг собиқ ҳамраиси. У 2010 йилда ташкил этилган. Биринчи раҳбар 2010 йилги президентлик сайловларида номзод сифатида қатнашган беларус шоири Владимир Некляев эди. Кейинги президентлик сайловларида «Ҳақиқатни айт» номзод Татяна Короткевич учун платформага айланди. У 4,44 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллади.

2020 йилги сайловларда Андрей Дмитриевнинг ўзи Беларуснинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенконинг рўйхатга олинган тўрт рақибидан бирига айланди. Мамлакат МСК маълумотларига кўра, у 1,21 фоиз овоз олган. Сиёсатчи сайловолди ташвиқоти чоғида сайловда қатнашишига рухсат берилмаган Сергей Тихановский, Виктар Бабарико ва Валерий Цепкалони қўллаб-қувватлаган.

«Ҳақиқатни айт» уюшмасининг ўзи Беларус Олий суди томонидан 2021 йил октябрь ойида ташкилот фаолиятида аниқланган қонунбузарликлар туфайли тугатилган. Дмитриев аввалроқ суднинг қарорига қарамай, «Ҳақиқатни айт» вакиллари ўз фаолиятини давом эттиришини айтган эди. Дмитриев хавфсизлик кучлари томонидан бир неча бор қўлга олинган, охирги марта - 2022 йил августида, бироқ кейинроқ қўйиб юборилган.

Беларусда президентлик сайловлари 2020 йил 9 август куни бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, Лукашенко уларни 80,10 фоиз овоз билан ютган, Светлана Тихановская 10,12 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган. Расмий натижалар эълон қилингандан сўнг мамлакатда бир неча ой давом этган оммавий норозилик намойишлари бошланди. Овоз бериш натижалари сохталаштирилганига ишонч ҳосил қилган фуқароларнинг тинч намойишлари "ОМОН" ва махсус кучлар томонидан бостирилди. Кўплаб мухолифат етакчилари қўлга олинди ёки чет элга чиқиб кетди.

Мавзуга оид