Россия мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенковнинг сўзларига кўра, россияликларнинг бўлинмалари Соледарни 12 январ куни тўлиқ эгаллашган. Унинг айтишича, бу Бахмутдаги украин қўшинларининг таъминот йўлини кесиб қўйиш, кейин эса «Украина қуролли кучларининг Бахмутда қолган бўлинмаларини тўсиб қўйиб, қуршовга олиш» имконини беради.

Соледар қўлга киритилгани ҳақида икки кун муқаддам «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ҳам маълум қилганди, бу йўналишда асосан унинг ёлланма жангчилари ҳужум қилаётганди. Аммо ўшанда унинг сўзларини Украина томони ҳам, Россия қўмондонлиги ҳам тасдиқламаганди.

Украина томони ҳозир ҳам Соледар бой берилганини рад этмоқда.

«Жанглар шаҳарнинг ўзида олиб борилмоқда, Украина кучлари Соледарни ташлаб чиққани тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга зид, у ерда жанглар кетмоқда», деган Украина қуролли кучлари Шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий.

«Жангчиларимизнинг тактик вазиятини ошкор этмаслик учун тафсилотларни келтирмаймиз. Душман кучлари устунлик қилмоқда, чунки улар бу йўналишга максимум куч ташлаган. Аммо бизнинг кучларимиз ҳамон шаҳарнинг ўзида туриб жанг қилишда давом этмоқда», деган у.

Ғарб разведкаси ҳам Соледар РФ кучлари назоратига ўтганини тасдиқламаётганди, аммо Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) ўзининг сўнгги ҳисоботида бу тўғри бўлиши мумкинлигини билдирди.

«Россия кучлари агар бутун Соледарни бўлмаса, унинг катта қисмини назорат қилмоқда ва катта эҳтимол билан Украина қўшинларини аҳоли яшаш манзилининг ғарбий чеккаларидан ҳам сиқиб чиқарган», дейилади ҳисоботда.

CNN журналистлари Украина армияси қисмлари Соледардан уюшган ҳолда чекинишига гувоҳ бўлгани ҳақида хабар қилган.

Телекомпания тасвирга олиш гуруҳи Соледардан тахминан тўрт километр масофада турибди. Мухбир Бен Уэдманнинг хабар қилишича, жума куни куннинг биринчи ярмида томонлар ўртасида шиддатли жанглар давом этган.
 
Украина қуролли кучлари чекиниши куннинг иккинчи ярмида рўй берган. Аммо шаҳардан олиб чиқилган ҳарбийлар орасида саросима кузатилмаган.

Соледар нимаси билан муҳим?

Соледар - Бахмутдан 10 километр шимоли-шарқда жойлашган кичик (2022 йил февралидаги маълумотларга кўра, 10 минг киши яшаган). Бу ерда шаҳар ичидаги шаҳар кўринишидаги «Артемсоль» заводи жойлашган бўлиб, бу Шарқий ва Марказий Европадаги туз ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона ҳисобланади. Завод баҳордаёқ фаолиятини тўхтатган, бу эса Украинада туз танқислигини келтириб чиқарганди.