Ўзбекистон | 18:04 / 18.01.2023
9590
2 дақиқада ўқилади

Инсон ресурсларини бошқаришга мўлжалланган ягона платформа ишга туширилди

Давлат органларида инсон ресурсларини бошқаришга мўлжалланган ягона платформа ишга туширилди.

Инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида hrm.argos.uz автоматлаштирилган электрон дастури ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов маълум қилди.

Таъкидланишича, платформа Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ҳамда Ягона миллий меҳнат тизими — my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграллашган. Ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда ушбу дастурда шаклланади.

Мазкур автоматлаштирилган тизим 2023 йил 1 январдан давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилиши кўзда тутилган.

Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари бюрократия ва ортиқча қоғозбозликдан холи бўлган қуйидаги қулайликларга эга бўлади:

– вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади;

– таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага жамлаган ҳолда ахборот тўпланади ва унга ишлов берилади;

– ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели, шунингдек, хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври электрон шаклда қайд этиб борилади;

– кадрларга оид иш юритув ҳужжатлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилинади ва юритилади;

– ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий малакасини оширишга эришилади;

– кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид