Британия разведкаси хабарига кўра, Россия Украинага кам сонли янги Т-14 «Армата» жанговар танкларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. 2009 йилдан ишлаб чиқарила бошланган ушбу танкларнинг жанг майдонида қўлланиши ҳозирга қадар бирор марта кузатилмаган. Ушбу танкларни фронтга жўнатиш рус қўшинларига сезиларли устунлик бера оладими?

Т-14 «Армата» танки макети IDEX Defense номли қурол ва ҳарбий техникалар кўргазмасида, 2021 йил. Фото: TASS

Буюк Британия мудофаа вазирлиги томонидан 19 январ куни эълон қилинган ҳарбий разведка ҳисоботида айтилишича, ўтган йилнинг декабр ойида Россиянинг янги Т-14 танкларини мамлакатнинг жанубий қисмида пайқашган. Одатда Украинага ҳарбий техникалар айнан шу ердан юборилади.

«Ҳукуматпараст рус оммавий ахборот воситалари қўшинлар Т-14 танклари кўчиришга тайёрланаётганини даъво қилмоқда, бироқ Россия ушбу турдаги танкларни Украинага кўчиргани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум», деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

Британия разведкаси «Армата»нинг фронтга юборилиши асосан пропаганда мақсадларида амалга оширилишига ва танклар жангларда фаол қўлланмаслигига ишонмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, ушбу танк жуда оғирлиги сабаб логистика муаммолари юзага келиши ва танкни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш дастурини амалга оширишда 10 йилдан буён давом этиб келаётган кечикишлар ва муаммолар ҳам таъкидланади. Шу сабаб «Армата» танкларидан фаол фойдаланиш Россия учун хавфли қарор бўлади.

Ғарбнинг Киевга асосий жанговар танкларини етказиб бериши узоқ вақт давомида табу бўлиб келди. Уларни Украинага бериш имконияти кўплаб мамлакатларда муҳокама қилинди, аммо ҳеч ким бу қуролларни Киевга топширишга журъат эта олмади.

Сўнгги ҳафталарда Европанинг айрим давлатлари ўзларининг маълум миқдордаги Leopard 2 танкларини Украинага топширишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бироқ Германияда ишлаб чиқарилган ушбу танкларни Украинага бериш учун Берлиннинг розилиги керак, Берлиндагилар эса ҳозирча бунга рухсат бергани йўқ.

19 январ куни Полша бош вазири Матеуш Моравецкий ўз мамлакати Германия рухсатисиз ҳам Leopard 2 танкларини Украинага юбориши мумкинлигини инкор этмади.