Донецк областининг Украина назоратидаги қисмида жойлашган Краматорск шаҳрида Россия зарбаси оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.
«Бугун соат 10:00 атрофида Россия қўшини Краматорск бўйлаб УМПБ Д-30СН авиабомбаси билан зарба йўллади. Снаряд шаҳар кўчаларидан бирига тушган, бу вақтда у ерда йўналишдаги икки автобус ҳаракатланаётганди», – дейилади Украина миллий полицияси хабарида (УМПБ Д-30СН – универсал турлараро бошқарилувчи ўқ-дори).
Қутқарувчиларга кўра, ҳозиргача 30 киши ҳалок бўлгани ва 18 киши яралангани маълум. Зарба оқибатида икки автобус ҳам ёниб кетган.
Миллий полиция томонидан эълон қилинган фотосуратларда ёнғин ичида қолган автобуслар ва ерда ётган жасадларни кўриш мумкин.

Кўча ён ва юқоридан дронлардан ҳимоя қилувчи тўрлар билан ўралганди, аммо бомба уни ёриб ўтган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарига кўра, Краматорскнинг Беленко қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида яна уч киши ҳалок бўлган. Қутқарувчилар қурбонлардан бирини уй вайроналари остидан олиб чиқишган.

Россия ҳарбийлари зарба юзасидан муносабат билдирмади. Краматорск фронт чизиғидан тахминан 15 километр масофада жойлашган бўлиб, шаҳарда мунтазам равишда дронлар ҳужуми кузатилади, шунингдек, артиллериядан ўққа тутилмоқда.
Краматорск ва Словянск – Донбасснинг Украина назорати остида қолаётган сўнгги икки йирик шаҳридир. Россия ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши учун ушбу икки шаҳар топширилишини талаб қилиб келади.
Россия қўшини ушбу шаҳар йўналишида юриш қилмоқда.
«Ҳамон Донецк областида қолаётганларни Украинанинг нисбатан хавфсиз регионларига кўчиб ўтишга чақираман», – деди област ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин зарбага учраган автобуслар ҳақида хабар бераркан. У Краматорск ва Словянскда жамоат транспорти фаолиятини тўхтатишга топшириқ берган.


















