18-19 январ кунлари Тошкент шаҳри бўйлаб кўчалар қор ва муздан оммавий тозаланди. Кўчалардан йиғиб олинган қор ва муз қолдиқлари нафақат полигонлар, балки Бўрижар каналига ҳам олиб келиб тўкилди.
Жамоатчилик музни эритиш учун кўчаларга сепилган туз ва қум аралашмаси заҳарли бўлиб, сувдаги жониворлар ва канал бўйидаги ўсимликлар дунёсига зарар етказишидан хавотир билдирди.
Кўчалардан йиғилган қор ва муз юк машиналарда Бўрижар каналининг Чилонзор тумани Новза кўчасидан ўтган қисмига – йўл юзига тўкиб кетилди.
Kun.uz билан суҳбатда юк машиналарда қор ва музни канал бўйига тўкиб кетаётган ҳайдовчилар ҳам, оғир техникалар ёрдамида йиғилган қор уюмларини сувга оқизиб юбораётган ишчилар ҳам айнан ким бу топшириқни берганини очиқлашмади.

“Бошқалар ҳам қорни шу ерга олиб келиб тўкишаётганди, шуни кўрганимиз учун биз ҳам шу ерга олиб келиб тўкдик. Ҳеч ким бизга олиб бориб ўша ерга тўк дегани йўқ. Ўтган куни кечқурун ҳам юк машиналарида олиб келиб тўкишаётган эди, бугун ҳеч ким бўлмаганини кўриб биз ҳам шу ерга олиб келгандик”, дейди ҳайдовчилардан бири.

“Ҳашардамиз, машинамдаги қор ва музни Сенатнинг олдидан тозалаб олиб келяпмиз. Бугун биринчи марта шу ерга олиб келиб тўкяпман”, дейди бошқа бир ҳайдовчи.

Миробод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғофурхўжа Жонхўжаев Kun.uz'га берган интервьюсида кўчаларни тозалаш натижасида тўпланган, музлаган тузли қорлар Ўртасаройдаги чиқиндихонага олиб бориб ташланиши кераклигини таъкидлаганди. Демак, кимлардир узоқ масофадаги чиқиндихонага боргиси келмаганидан ёки ёқилғини тежамоқчи бўлганидан мана шу “инновацион” ечимни ўйлаб топган кўринади. Балки ҳайдовчилар ишдан айрилишдан қўрқиб, топшириқни ким берганини айтишни исташмагандир, бу ёғи бизга қоронғи.


















