2022 йил январидан сентябригача Туркияга деярли тўрт миллион россиялик келган. Бутун ўтган йил давомида Россиянинг 153 минг нафар фуқароси Туркияда яшаш учун рухсатнома олди ва бу борада биринчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2022 йилда россияликлар Туркияда 16 мингдан ортиқ уй ва квартира сотиб олди, бу сўнгги олти йилдагидан ҳам кўпроқ. Бироқ, декабр ойи охиридан россиялик муҳожирларга Туркияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома бериш оммавий равишда рад этила бошланди. Туркия ҳукумати томонидан чекловлар бўйича ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмади. «Медуза» нашри Туркияда муаммоларга дуч келаётган россияликлар билан суҳбатлашди.

Москвалик Иван Чернявский Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан сўнг, 2022 йил март ойида Туркияга жўнаб кетади ва апрел ойида Анталяда яшашга рухсатнома олиш учун нотариал тасдиқланган ижара шартномаси ва стандарт саволларга жавоб берилган анкетани миграция хизматига топширади.

«Тасдиқлашнинг ўзи бир неча соат давом этди ва бир ой ўтгач, мен икамет (яшаш рухсатномаси) олдим. Ҳаммаси жуда оддий ва тез битди», дейди Иван.

2022 йил 26 декабргача россияликлар яшаш учун рухсатнома беришнинг оммавий рад қилинишига дуч келмаган. Агар бу чекловлар давлат томонидан киритилган бўлса, у ҳолда бу маълум ҳудудларга нисбатан жорий қилиниши мумкин эди. Масалан, июн ойида Анталя шаҳрининг чет эл фуқаролари сони умумий аҳоли сонининг 20 фоизидан ошадиган бир қатор туманларида яшаш учун рухсатномалар бериш расмий равишда тўхтатилди.

Октябр ойида, Россияда сафарбарлик бошланиб, мигрантларнинг янги тўлқини пайдо бўлганидан сўнг, турк банклари карталарни расмийлаштиришда Россия Федерацияси фуқаролари учун қўшимча талабларни қўйишни бошлади, масалан, Туркияда ишлаш учун рухсатнома, беш минг доллар депозит қўйиш ёки 100 доллар комиссия тўлаш каби.

Аммо 26 декабрдан кейин, Украинадаги уруш туфайли кўплаб русларнинг янги яшаш жойига айланган Измир ва Фатҳия шаҳарларида бир неча кун ичидаёқ Россия Федерацияси фуқароларига яшаш учун рухсатнома бериш бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда «Медуза» нашрига Россия ва Украинадан келган муҳожирларнинг Туркияга жойлашишига ёрдам берувчи Россиянинг «Тотамтотут» компанияси мутахассиси Даниил Шаулов маълум қилган.

«26 декабрдан кейин Фатҳия ва Измирда ваҳима бошланди. У ерда ҳақиқатан ҳам ёқимсиз ҳолатлар юз берган. Одамлар миграция хизматига келиши биланоқ, уларга дарҳол рад жавоби берилиши айтилган. Офицерлар ҳужжатларга рад этиш белгисини қўймаган ва одамлар бошқа ҳудудлардан яшаш учун рухсатнома олишга уриниб кўришлари мумкин эди. Йўқса уларга дарҳол мамлакатдан чиқиб кетиш санаси белгиланарди», дейди Шаулов.