Жаҳон | 18:59 / 27.01.2023
13491
2 дақиқада ўқилади

АҚШда теракт уюштирган ўзбекистонлик судда айбдор деб топилди

Энди у ўлимга ёки умрбод қамоққа маҳкум қилиниши мумкин.

Фото: nypost.com

2017 йилда Ню-Йоркда Ҳэллоуин байрами муносабати билан ҳужум уюштирган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов судда айбдор деб топилди ва энди ўлим ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, деб хабар берди «Америка Овози». Унинг қилмиши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган эди.

2017 йил 31 октябр куни Ню-Йоркдаги машҳур велосипед йўлагида юк машинасини одамлар устига ҳайдаган Соипов 28 та жиноятда айбдор деб топилди. Прокуратура унинг «Исломий давлат» террорчиларидан илҳомланиб, одамларни ўлдиришга қарор қилганини айтди.

Энди Соиповни қатл этиш ёки қолган кунларини қамоқда ўтказиш тўғрисидаги қарор 6 феврал куни эълон этилади.

Агар Ўзбекистон фуқароси бўлган Соипов ўлим жазосига ҳукм қилинса, бу сўнгги 60 йил ичида биринчи марта шундай ҳукм бўлиши мумкин. Ню-Йорк штатида ўлим жазоси узоқ вақтдан бери қўлланмаган, охирги марта айбланувчи 1963 йилда қатл этилган.

Қайд қилинишича, Соипов Нью-Жерсида юк машинасини ижарага олган, уни Ҳадсон дарёси бўйидаги йўл бўйлаб бошқарган ва Жаҳон Савдо Маркази яқинида мактаб автобусига бориб урилишдан олдин бир нечта велосипедчиларни босиб кетган. Шундан сўнг у қўлида ов милтиғи ва пейнтбол тўппончаси билан юк машинасидан тушган. Шунда полиция уни ўқотар қуроллар билан таслим қилган.

Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар оғир жароҳат олди, жумладан, бир аёл икки оёғидан ажралди.

Соипов 2010 йилда Ўзбекистондан қонуний равишда АҚШга кўчиб ўтган ва Оҳайо, Флорида ва Нью-Жерсида яшаган.

Мавзуга оид