Ушбу йилнинг 23 январь санасида UzAuto ва BYD компаниялари расман Ўзбекистонда янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ Қўшма Корхонасини рўйхатдан ўтказди.
“BYD Uzbekistan Factory” компанияси, Хитойнинг электромобил ишлаб чиқаришда гиганти ҳисобланувчи BYD компаниясининг мамлакатдан ташқаридаги илк ҳамкорлик лойиҳаси бўлди. Бу, албатта, ўзбек автомобилсозлигига берилган ижобий баҳолардан бири ҳамдир.
Қўшма корхонанинг асосий йўналишлари Ўзбекистонга янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи BYD автомобилларини етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва сотишдан иборат. Натижада, яқин келажакда Ўзбекистонда BYD автомобилларини маҳаллийлаштириш мақсадида ишлаб чиқаришга мўлжалланган тўлиқ цикл ишга туширилади.
“BYD Uzbekistan Factory” электромобиллардан ташқари, Ўзбекистон бозорига BYD бренди остидаги энг машҳурлардан ҳисобланган Plug-in (PHEV) гибрид электромобилларини ҳам олиб кирмоқчи. Бу турдаги автомобиллар битта заряд ва заправка билан 1 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олади.

Тез орада BYD электромобиллари, шу жумладан гибрид электромобиллари расмий дилерлик марказларида мижозлар учун тақдим этилади. Бу ўз навбатида BYD электромобиллари эгалари учун юқори малакали мутахассислар расмий ускуналар ва дастурий таъминотлар ёрдамида хизмат кўрсатишини англатади. Ҳайдовчилар усталарни қидириб юриши, прошивка масаласида бошни қотирмаслиги кафолатланади, чунки автомобиллар тўлиғича ўзбекистонликлар учун мослаштирилган бўлади.
Тез орада “BYD Uzbekistan Factory” компанияси Ўзбекистонда уч турдаги BYD моделларини тақдим этади:

BYD Chazor 05 DMi (гибрид)

BYD Song Plus DMi (гибрид ва электромобил)

BYD Han (электромобил)
Тез орада Тошкент шаҳрида автомобиллар сотуви ҳамда сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар, сервис хизматларини тақдим этувчи дилерлик тизими ва станциялари ташкил этилади. Бундан ташқари, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишловчи овозли ёрдамчи, интерфейс ва дастурий таъминот Ўзбекистонда автоматик тарзда доимий янгиланиб турилади.














