Сайёҳлар Ўзбекистонда қанча маблағ қолдирмоқда?
2017 йилда Ўзбекистонга 2,7 млн нафар турист келган бўлса, ўтган 2022 йилда уларнинг сони 1,9 баробарга ўсиб, 5,2 млнни ташкил қилди. Бу коронавирус пандемиясидан чиққан, 2021 йилда 1 млн 880 минг нафар саёҳ ташриф буюрган Ўзбекистон учун яхшигина ижобий кўрсаткич. Қолаверса, ички туризм кўрсаткичлари ҳам ҳар йили юқориламоқда. 2022 йилда ички саёҳат қилувчилар сони 2017 йилга нисбатан (10,5 млн нафар) 107,0 фоизга ўсиб, 11,3 млн нафарни ташкил қилди. Бу йил эса хорижий сайёҳлар сони 7 млн нафарга етиши прогноз қилинмоқда.


Маблағлар билан ифодалайдиган бўлсак, туризм хизматлари экспорти ўтган йилда 1,6 млрд долларни ташкил этди (2017 йилда 531 млн доллар). Собиқ туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, 2019 йилда сайёҳлар Ўзбекистон шаҳарларида ўртача 195 долларгача маблағ сарфлаб, 2-3 кун қолишган бўлса, 2022 йилда саёҳатлар давомийлиги 4-5 кунга, сарф-харажатлар эса 305 долларгача ошган.
Сайёҳлар оқими кўпайишининг асосий сабаби
Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ошишига асосий сабаблардан бири мамлакатга киришдаги виза режими соддалаштирилишида, дейиш мумкин. 2018 йилдан бошланган хорижий давлатлар фуқаролари учун кириш визаси бекор бўлган давлатлар сони 2022 йилга келиб 93 тага етди. Шунингдек, 2018 йилдан бошлаб 56 та давлат фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилди, 47 та давлат учун беш кунлик транзит визасиз кириш тартиби белгиланди. 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга республикага келувчи ХХР, АҚШ ва Вьетнам фуқаролари учун визасиз кириш режими жорий қилинди.
“Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда саёҳат қилиш осон бўлмаган. Кириш визасини олиш узоқ ва мураккаб жараён эди. Бунинг устига саёҳатчилар ҳар кеча меҳмонхонада рўйхатдан ўтишлари керак эди. Бу мамлакатни кашф қилишни истаган кўплаб саёҳатчиларни тўхтатди. Энди бундай эмас ва виза жараёни анча осонлашди.
















