16:05 / 01.02.2023
37306

Қўқондаги кимё заводи Абдулазиз Комиловнинг ўғлига тегишли компанияга сотилди

«Қўқон биокимё» акциядорлик жамияти 277 млрд сўмга хусусийлаштирилди. Харидор – «First Premium Alliance» МЧЖ. Компания собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Аввалроқ унинг бошқа бир компанияси Тошкент марказидаги собиқ МХХ биносини сотиб олганди.

Фото: Қўқон биокимё

«Қўқон биокимё» АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакети 277 млрд сўмга «First Premium Alliance» МЧЖга сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тендерда инвесторлардан «Қўқон биокимё» АЖни сотиб олиш бўйича 4та ариза келиб тушган. Хусусийлаштириш бўйича консултант – Deloitte, ҳуқуқий кўмакчи – Dentons.

«Қўқон биокимё» АЖ – 2000 йилдан 2020 йилгача «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти сифатида фаолият олиб борган.

“Давактив” хабарида қайд этилишича, “First Premium Alliance” МЧЖ – алкогол маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотишга ихтисослашган компания. Компанияда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича халқаро ISO 22000:2005 стандарти жорий этилган. Компания таъсисчилари Тошкент шаҳрида алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик заводга эга, компаниянинг республикада ва МДҲ мамлакатларида йирик дистрибюторлик тармоқлари мавжуд.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор «First Premium Alliance» МЧЖ 2020 йил 25 декабрда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 245 млн сўм. Фаолият йўналиши – спиртли ичимликлар улгуржи савдоси. Компаниянинг 100 фоизлик улуши – Комилов Дониёр Абдулазизовичга тегишли. Раҳбари сифатида Идрисов Рустам Мухтасимович кўрсатилган.

Дониёр Комилов – собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади.

2021 йилда ягона таъсисчиси Дониёр Комилов бўлган «Metropol Group» МЧЖ Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биносини 210 миллиард сўмга сотиб олганди. Бундан ташқари, у «Delta global dynamics», «Progressgortech-asia», «First premium alliance» каби компанияларда ҳам 100 фоиз улушга эга.

Шунингдек, Дониёр Комилов Москвада рўйхатдан ўтган: қимматли қоғозлар соҳасида фаолият юритувчи «Селена» МЧЖ, молиявий хизматлар соҳасида фаолият юритувчи «КТС» МЧЖ, кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб борувчи «Гломакс» МЧЖ, машина ва ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи «ВЛК» МЧЖ ва «Ҳолдинг Инвест» каби бир нечта корхоналарнинг ҳам таъсисчиси ҳисобланади.

У 2010-2014 йилларда Газпромбанкнинг «Управляющая компания – Стратегические активы» ЁАЖ тузилмаси раҳбари бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда «Уралмашзавод» директорлар кенгашига аъзо бўлган.

Top