26-27 январь кунлари Бишкекдаги учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки давлат алоқаларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекди. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Жавоҳир Бадаловга кўра, ташриф давомида имзоланган энг муҳим ҳужжатлардан бири Қамбарота-1 ГЭСни биргаликда қуриш бўйича келишув ҳисобланади.

«Фикримча, ўтган ташрифнинг асосий воқеаларидан бири бу Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш бўйича келишувга эришилиши бўлди. Хусусан, ташриф арафасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. 6 январь куни Бишкекда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланган эди.

Унга кўра, баландлиги 256 м бўлган тўғон ва ҳажми 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори, 1860 MW қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Қурилаётган ГЭС йилига 5,6 млрд KW-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда», – дейди мутахассис Kun.uz’га тақдим қилган мақоласида.

ГЭС нафақат жалб қилинган мамлакатлар, балки бутун минтақа учун ҳам илғор лойиҳа ҳисобланади.

«Гидроэлектр станциянинг ўзига хос хусусияти шундаки, у минтақанинг яқин тарихида учта мамлакат иштирокида амалга оширилиши кутилаётган биринчи қўшма мегалойиҳадир. Томонлар йилига 930 млрд KW-соатни ташкил этадиган Марказий Осиёнинг кучли гидроэнергетика салоҳиятини ишга солиш учун саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқда. Шу билан бирга, кўрилган чораларга қарамай, бугунги кунда у атиги 11 фоиз ўзлаштирилган.

Шубҳасиз, Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини ишга тушириш масаласи арзон ва экологик тоза энергияга бўлган эҳтиёжнинг барқарор ўсиши фонида долзарблиги кўриниб турибди. Бу биринчи навбатда минтақада иқтисодиёт ва аҳоли сонининг жадал ўсиши ҳамда саноат кооперациясининг кенгайиши билан боғлиқ».

Жавоҳир Бадалов келтирган рақамларга кўра, 2030 йилга бориб Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли 136 млрд KW-соатни (2020 йилга нисбатан 21% ўсиш), Ўзбекистонда 120,8 млрд KW-соатни (1,7 баравар ўсиш), Қирғизистонда 20 млрд KW-соатдан кўпроқни (50% ўсиш) ташкил этиши кутилмоқда.

«Шу нуқтаи назардан, режалаштирилган гидроэлектр станция Марказий Осиёнинг ягона энергетика ҳалқасига бирлаштирилиши мумкин бўлган қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратишни таъминлайди.