Жаҳон | 09:52 / 02.02.2023
8289
2 дақиқада ўқилади

Болгария Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олди

Болгария парламентининг Голодомор ҳақидаги қарорини изоҳлар экан, Володимир Зеленский буни тарихий адолатнинг тикланиши деб атади.

Фото: Anadolu agency

Голодомор - 1932-1933 йилларда Украина аҳолисининг оммавий очарчилиги - Болгария парламенти томонидан 1 февраль, чоршанба куни Украина халқининг геноциди деб тан олинди. Ўша фожиали воқеалар қурбонларини хотирлаш кунини ҳар йили ноябрь ойининг охирги шанбасида нишонлашга қарор қилинди.

Қайд этилишича, Болгария Миллий мажлисининг 136 нафар депутати Украинадаги оммавий очарчиликни геноцид деб тан олиш тарафдори бўлган. 26 киши қарши овоз берди, бетараф қолганлар кузатилмаган.

2022 йил декабрь ойида Украинада 1932-1933 йилларда «совет режимининг қасддан сиёсати натижасида юзага келган» очарчилик Европа парламенти томонидан геноцид сифатида тан олинган эди.

Аввалроқ, 30 ноябрда, Украинада 26 ноябрда нишонланадиган Голодомор қурбонларини хотирлаш кунида Германия Бундестагида ушбу воқеаларни Украина халқининг геноциди деб тан олиш ҳақидаги резолюция матни келишиб олинган эди.

СССРда 1932-33 йилларда Иосиф Сталин даврида амалга оширилган қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштириш натижасида мамлакатда миллионлаб одамлар қурбон бўлган оммавий очарчилик бошланди. Украина нуқтайи назаридан, бу фалокат совет иттифоқи раҳбарияти томонидан атайлаб қўзғатилган.

Голодомор узоқ вақтдан бери Украина ва Россия ўртасидаги асосий баҳс мавзуси бўлиб келади. Москва Киевнинг бундай оммавий очарчиликдан фақат украиналиклар қурбон бўлган деган фикрини рад этиб, Марказий Осиё ва Россияда ҳам миллионлаб одамлар очарчиликдан азият чекканини иддао қилмоқда.

1 февраль куни Украина президенти Володимир Зеленский Болгарияга «бирдамлик ишораси» учун миннатдорчилик билдирди ва бу ҳаракат миллионлаб Голодомор қурбонлари хотирасини ҳурмат қилиш ва тарихий адолатни тиклашга хизмат қилишини айтди.

Ўз навбатида, Россиянинг Болгариядаги элчиси Элеонора Митрофанова Миллий мажлис қўмитасининг тегишли ташаббусини қўллаб-қувватлаган болгариялик депутатларни тарихий фактларни атайлаб бузиб кўрсатганликда айблади.

Мавзуга оид