12:03 / 02.02.2023
28164

Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти қайта ишга туширилиши мумкин

Бир вақтлар ёпилган, ҳажми 2,5−3 млрд куб метр бўлган Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга тушиши маълум қилинди. Иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистонда, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 1 февраль куни Андижон шаҳрида ўтган йиғилишда маълум қилган.

«Афсуски ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистондаги давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади», — деди президент.

ЎзА мухбири мазкур масала юзасидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовдан изоҳ олди.

«Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 млрд куб метр атрофида. Шундан 1,3 млрд куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминлаш имкониятимиз бўлади.

Мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади. Энг аввало ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта», — деди энергетика вазири.

Top