08:53 / 10.02.2023
10751

"ФСБ" генералининг қизи Третяков галереяси директори этиб тайинланди

Россия Маданият вазирлиги Третяков галереяси директори Зелфира Трегуловани ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Путин билан аввал махсус хизматларда ишлаган "ФСБ" генералининг қизи Елена Проничевани тайинлади.

Елена Проничева / Фото: ТАСС

2020 йилдан буён Политехника музейини бошқариб келаётган Елена Проничева Москвадаги Давлат Третяков галереясининг янги бош директори этиб тайинланди. Проничева ўзининг янги лавозимида 2015 йилдан бери Третяков галереясини бошқариб келган ва "меҳнат шартномаси тугагани сабабли" ишдан бўшатилган Зелфира Трегуловани алмаштирди, деб ёзади "Интерфакс" 9 февраль, пайшанба куни Россия Маданият вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Идоранинг таъкидлашича, янги директор "музей фондлари бўйича энг яхши тажрибани сақлаб қолиши ва Давлат Третяков галереяси ва унинг филиалларини, шу жумладан яратилаётган маданий-маърифий ва музей мажмуалари доирасида ривожлантиришни давом эттириши" керак.

Санъатшунос Зелфира Трегулова 2015 йилдан бери Россиядаги асосий музейлардан бирини бошқариб келганди, бунгача Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейи, Москва Кремли ва "РОСИЗО" давлат музейи ҳамда кўргазма марказида масъул лавозимларда ишлаган.

Елена Проничева 2005 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини "қиёсий сиёсат" мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейин "Газпром"нинг ташқи иқтисодий фаолият бўлимида, шунингдек, "Газпромбанк"да ишлаган. 2012-2013 йилларда у "ВДНХ" ривожланиш лойиҳалари раҳбари, бош директори ўринбосари ёрдамчиси бўлган. 2013 йилдан 2020 йилгача Москвадаги Яҳудий музейи ва бағрикенглик марказининг ижрочи директори бўлган.

Бир қатор оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романованинг ёзишича, Проничева "ФСБ"да Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бошқармасини яратган Федерал хавфсизлик хизмати генерали Владимир Проничевнинг қизи. "У барча норози бўлганлар билан шуғулланади", деб ёзади Telegram'да Романова.

The Moscow Times нашрининг ёзишича, Владимир Проничев аввалроқ Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин билан бирга махсус хизматларда ишлаган.

Январь ойи охирида The Moscow Times Россия Маданият вазирлигининг Третяков галереясидаги кўргазмалар мазмунини "маънавий-ахлоқий қадриятларга мувофиқлаштириш" талаби ҳақида хабар берди. Нашр Маданият вазирлигининг музейлар ва ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Наталя Чечелнинг Третяков галереяси директорига йўллаган хати нусхасига ишора қилган. Музей раҳбарияти Сергей Шадрин исмли фуқаронинг Маданият вазирлигига келиб тушган шикоятига қисқа вақт ичида жавоб беришга мажбур бўлган. Шадрин ўз шикоятида Третяков галереяси экспозицияси "маънавий-ахлоқий қадриятларга тўлиқ мос келмайди", залларда "бузғунчи мафкура белгиларига эга бўлган асарлар бор", экспонатлар эса чуқур пессимизм, бўшлиқ ва умидсизлик ҳиссини келтириб чиқармоқда, деган фикрни билдирган.

Ноябрь ойида Владимир Путин анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсати асосларини тасдиқловчи фармонни имзолади. Бундай қадриятлар рўйхатига инсон ҳуқуқлари, ватанпарварлик, ватанга, оилага хизмат қилиш ва маънавиятни моддий нарсадан устун қўйиш киради.

Top