Президентнинг 2020 йил 8 августдаги қарорига кўра, Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз, ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз бўлиши белгиланган. 

Президент тегишли фармонига асосан 2021 йилдан олис ва чекка ҳудудларда аҳоли тиббий хизмат олиши учун шароит яратиш мақсадида “Қишлоқ шифокори” дастури жорий этилган эди. Миролим Ғозиев уйидан 200 километр олисда жойлашган Сўх туманида фаолият юритмоқда. Икки нафар фарзанднинг отаси.

“Мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олдим. Бир муддат Қўқон шаҳри, Фурқат, Ўзбекистон туманларида ишладим. 2018 йилда Сўх туманида фаолият юритиш истагида бўлган шифокорлар ойлигига қўшимча устама ҳақи берилиши ҳақида эшитдим. Тўғрисини айтганда, ўзимизнинг туманда ишлаётган пайтда маошим кам эди.

2018 йилда Сўх туманига оилам билан кўчиб ўтиб ишлашга қарор қилдим. Маҳаллий ҳокимият томонидан берилган маблағлар эвазига моддий ҳолатимиз анча яхшиланди. Дастлаб келганимда ижара уйда яшадим. Айниқса, Водил қишлоғи орқали Қирғизистон чегарасидан ўтиб, Сўхга етиб келиш азоб эди.

Янгиариқ қишлоғидан хизмат уйи беришди. Оилам билан бир муддат шу ерда яшадик. “Қишлоқ шифокори” дастури асосида вилоят ҳокими билан шартнома тузганимдан кейин 30 миллион сўм пул беришди. Маошимдан жамғариб юрган маблағга қўшиб, машина ва кейинчалик шифохонага яқин жойдан янги қурилган уйлардан ипотека кредити асосида 3 хонали уй сотиб олдим.

Айни кунда 10 миллион сўм атрофида маош оламан. Турмуш ўртоғим ҳамшира. Ҳозирда уйда фарзанд парвариш қиляпти. У шу йили олийгоҳга имтиҳон топшириб, насиб қилса олий маълумотли шифокор бўлмоқчи.

Устама ҳақида гапирадиган бўлсам, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан шартнома тузганмиз. Унга кўра туманда 3 йил ишлаган ходим 30 миллион сўм маблағ олиши белгиланган. Апрел ойида шартнома тузган бўлсак, май ойида 30 миллион сўм нақд кўринишда пул олдик.