Айни пайтда колонияда жазо муддатини ўтаётган Россиянинг бош мухолиф сиёсатчиси мамлакати Украинага кенг миқёсда босқин уюштирганининг бир йиллиги олдидан ўз сиёсий платформасининг 15 та асосий принципларини эълон қилди. Принциплар айни пайтдаги уруш ва урушдан кейинги Россиянинг тузилиши билан боғлиқ.

«Мен ўзим учун ва ҳали жуда кўп сонли бўлган нормал одамлар учун сиёсий платформани максимал равишда қисқача шакллантирдим», — деб ёзган Навалний Twitter’даги аккаунтида. Унинг сўзларига қараганда, бу «ўз мамлакати учун фаровонлик тилаётган Россия фуқаросининг 15 пункти»дир.

Нима эди ва ҳозир нима?

1. Президент Путин куракда турмайдиган баҳоналар билан Украинага қарши адолатсиз ва тажовузкор урушни бошлади. У имкон қадар бу урушга «халқ уруши» статусини бермоқчи, бутун россияликларни ўз жиноий шеригига айлантирмоқчи, бироқ унинг уринишлари бекор кетади. Бу урушда кўнгиллилар йўқ ҳисоби, чунки Путин армияси маҳбуслар ва мажбурлаб сафарбар қилинганларга таянади.

2. Урушнинг ҳақиқий сабаблари — Россия ичидаги сиёсий ва иқтисодий муаммолар, Путиннинг қандай қилиб бўлса ҳам ҳокимият тепасида қолишга уриниши, ўзидан тарихий мерос қолдиришга муккасидан кетгани. У «ғозий подшоҳ» ва «ерларни қайтариб олувчи» сифатида тарихга кирмоқчи.

3. Ўн минглаб айбсиз украинлар ўлдирилди, миллионлаб инсонлар азоб ва уқубатларга дучор қилинди. Ҳарбий жиноятлар содир этилди. Украина шаҳарлари ва инфратузилмаси вайрон қилинди.

4. Россия ҳарбий мағлубиятга учрамоқда. Айнан мана шуни англаб етиш – ҳукуматнинг «Киевни уч кунда оламиз» деган оҳангини мағлубиятга учралган тақдирда ядровий қуролни қўллаймиз, дея чийиллашларига ўзгартирди. Ўн минглаб россиялик аскарларнинг умри беҳуда хазон қилинди. Узил-кесил ҳарбий мағлубиятни яна юз минглаб сафарбар қилинганлар ҳаёти эвазига бироз кечиктириб туриш мумкиндир, лекин у муқаррар. «Тажовузкор уруш + коррупция + генералларнинг лаёқатсизлиги + кучсиз иқтисодиёт + ҳимояланаётган украинларнинг қаҳрамонлиги ва кўтаринки руҳияти» комбинацияси натижаси фақат Россиянинг мағлубияти бўла олади.

Кремлнинг музокараларга киришиш ва ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ёлғондакам ва иккиюзламачилик билан қилаётган чақириқлари ҳарбий ҳаракатлар истиқболларининг реал баҳоланишидан ўзга нарса эмас.

Нима қилиш керак?