«Бир йил олдин дунё Киевнинг қулашини кутаётганди. Мен айтишим мумкинки, у бардош берди, у кучли ва энг асосийси - у эркин», дея Варшавадаги Қироллик қалъасидаги нутқини бошлади Байден.

У автократларнинг иштаҳасини ён бериб тўхтатиб бўлмаслиги, уларга фақат қарши туриш лозимлиги, Украинадаги уруш эса ҳеч қачон Россия ғалабаси билан якунланмаслигини айтди.

«Автократларга ён босмаслик керак, уларга фақат «йўқ» дейиш мумкин: Йўқ, менинг эркинлигимни тортиб ололмайсан. Йўқ, менинг ватанимни ололмайсан. Қўпол куч ҳеч қачон эркинлик руҳини синдирмайди. Украина ҳеч қачон Россия учун ғалаба майдонига айланмайди. Россия ҳеч қачон Украинада ғолиб бўла олмайди, ҳеч қачон», деди Байден. Бу сўзларни йиғилганлар олқишлар билан қаршилади.

Ўз чиқишида Байден Ғарб Россияга ҳужум қилиш ниятида бўлмагани ва унинг устидан назорат ўрнатмоқчи бўлмаганини айтиб ўтди.

«Россия халқига мурожаат қилмоқчиман: АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни йўқ қилиш ёки унинг устидан назорат қилишга интилмайди. Биз бугун Путин айтганидек, Россияга ҳужум қилишни, уни эгаллаб олишни режалаштирмаганмиз. Ўз қўшнилари билан тинч-тотувликда яшашни хоҳлайдиган миллионлаб россияликлар - душманлар эмас. Бу урушга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. Бу фожиа. Урушни президент Путин танлади. Урушнинг ҳар янги куни - бу унинг танлови», деди Байден.

АҚШ президенти Россияни НАТОга аъзо давлатга ҳужум қилиш оқибатларидан огоҳлантирди.

«Қўшма Штатлар НАТО иттифоқи ва Бешинчи модда тамойилига содиқлигига шубҳа бўлмаслиги керак», деди Байден альянс аъзосига қилинган ҳужумга коллектив жавоб қайтарилиши тўғрисидаги моддани назарда тутган ҳолда. «НАТОнинг ҳар бир аъзоси буни билади. Ва Россия ҳам: бир мамлакатга ҳужум қилиш - бу барчага ҳужум қилишга баробардир».

Владимир Путин ҳақида гапираркан, Байден россияликлар раҳбари Ғарб мамлакатлари Украинага босқинга жавобан кўрсатган бирдамликни кутмагани ҳақида такрорлаб ўтди.

«У ўзи каби автократларни - кучли, демократик раҳбарларни эса заиф деб ўйлаганди, кейин эса у Америка ва қўрқув ҳукмрон бўлган дунё бўлишидан воз кечган мамлакатларнинг темир иродаси билан тўқнашди», деди АҚШ президенти.

Полшадаги музокаралар

Мурожаатдан олдин Байден полшаликлар президенти Анджей Дуда билан музокаралар ўтказди.