2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича давлат бюджетига тушумлар 13,9 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 1,9 трлн сўмга (12,2 фоизга) камайди. Бу ҳақдаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида келтирилган.

Маълум бўлишича, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг асосий қисми (63,7 фоиз) давлат улушига эга олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Бу солиқ тури бўйича тушумларнинг пасайиши фойдали қазилмаларнинг айрим турлари бўйича солиқ ставкаларининг унификация қилиниши ва пасайтирилиши билан боғлиқ.

“[Солиқ ставкалари] табиий газ бўйича – 30 фоиздан 10 фоизгача, нефть ва газ конденсати бўйича 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши ҳамда 2022 йилдан бошлаб солиқ базасини аниқлашда “Netback” (ортга ҳисоблаш) механизми жорий этилгани натижасида солиқ тўловчилар ихтиёрида 538,1 млрд сўм қолдирилди”, – дейилади ҳисоботда.

Давлат бюджетининг 2022 йилги прогнозларига кўра, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 14,3 трлн сўм бўлиши керак эди. Имтиёзлар туфайли бюджетга тушумлар прогноз кўрсаткичларидан камроқ бўлган: 13,76 трлн сўм.

2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасайтирилганди. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолди. Имтиёзлардан мақсад хусусий компанияларни инвестиция киритиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам конларни ўзлаштиришга рағбатлантириш экани айтилганди.

Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга ер қаъридан фойдаланганлик учун пасайтирилган солиқ ставкалари қуйидагича эди:

  • нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (аввал нефт 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз эди);
  • олтин ва мис учун 7 фоизгача (аввал олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз эди);
  • волфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (аввал 10,4 фоиз эди);
  • уран учун 8 фоизгача (аввал 10 фоиз эди) камайтирилган.

Бундан ташқари, янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставка қўлланиши ҳам белгиланганди.