Америкалик социолог, сиёсатшунос Збигнев Бжезинский 1928-2017 йилларда яшаб ўтган. У нафақат назариячи, балки Америка сиёсатидаги таниқли амалиётчи ҳам эди. Буни 1977-1981 йилларда АҚШ президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритганида ҳам кўриш мумкин.
Бжезинскийнинг сиёсий фаолияти йиллари АҚШ–Хитой муносабатларининг нормаллашуви, АҚШ ва СССР ўртасида II Стратегик қуролларни чеклаш шартномаси тузилгани, Эронда инқилобнинг бошланиши, АҚШнинг Афғонистонда мужоҳидинларни СССРга қарши қўллаб-қувватлаши ва совет-афғон уруши каби воқеалар билан ёдда қолган.
Бжезинский 1997 йилда чоп этилган "Буюк шахмат тахтаси" китобини “эртанги кун қиёфасини шакллантиришга ёрдам бериш мақсадида” ўз талабаларига бағишлайди. Бугун мана шу асар ҳақида сўзлаймиз.
Евросиё шахмат тахтаси
Китоб Америкадаги стратегларнинг геосиёсий қарашларини яхши ифодалаган. Бунда асосий эътибор Евросиёга қаратилган. Унга кўра, АҚШ шундай ташқи сиёсат юритиши керакки, токи Европа ва Осиёда ягона доминант куч пайдо бўлиб, АҚШнинг глобал бошқарувдаги энг юқори ролига дахл қилмасин.
"Геостратегия – геосиёсий манфаатларни стратегик шаклда бошқаришни шахмат ўйини билан таққослаш мумкин. Фарқи – Евросиё шахмат тахтасида бир вақтнинг ўзида иккита рақиб эмас, балки бир неча рақиблар ўйнайди ва уларнинг ҳар қайсиси турли даражадаги кучларга эга”, дея ёзади у.
Китобда мана шу ҳар қайси рақибнинг сиёсий йўли алоҳида қилинган. Асарни ўқиш жараёнида ўқувчи ўзини геосиёсатнинг чигал ва қизиқарли тўрига илиниб қолгандай ҳис қилади. Ундан чиқишни истамайди.
Украина: Бжезинский башорати
Шу кеча-кундузда Украина ва Россия ўртасидаги вазият, унинг рўй бериш эҳтимоли ва келиб чиқиш сабаблари ҳам китобда аниқ кўринади. Бжезинский Россия Украинасиз янада кўпроқ даражада Осиё давлати бўлиб қолиши ва Европадан узоқлашишини ёзади. Асардаги жумлани айнан келтиришни ўринли топдим:
“Мустақил Украина давлатининг пайдо бўлиши нафақат ҳамма россияликларни ўзларининг сиёсий ва этник мансубликларини қайта идрок этишга ундади, балки Россия давлатининг геополитик жиҳатдан жуда катта муваффақиятсизликка учраганини ҳам англатар эди. Украинанинг мустақиллиги Россияни Қора денгиздаги устуворлик ҳолатидан ҳам маҳрум этди”.
Муаллиф китобига Елциннинг 1990 йил 19 ноябр кунги Киевдаги нутқини киритади ва унинг фикрларини кейинчалик украинлар ва чеченлар Елциннинг ўзига қарши қаратишлари мумкинлигини айтади. Елцин нутқида шундай деганди:















