Ўзбекистон | 09:21 / 25.02.2023
9228
2 дақиқада ўқилади

Ичан-қалъа дунёнинг 9 та энг машҳур қалъа шаҳарлари қаторига кирди

Туризм соҳасидаги йўналишларни ёритишга ихтисослашган Буюк Британиянинг Wanderlust журнали саҳифасида «Дунё бўйлаб 9 та энг қадимий деворли шаҳарлар» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Мақолада бутун дунё бўйлаб қалъа деворлари билан машҳур бўлган 9 мамлакатдаги шаҳарлар ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган.

Девор қалъалар билан ўралган ва ҳозирги вақтгача сақланиб қолинган иншоотлар орасидан Хива шаҳридаги Ичан-қалъа ҳам ўрин олди. Девор билан ўралган шаҳарлар ичида Колумбиянинг Картагена, Хорватиянинг Дубровник, Марокашнинг Тарудант, Буюк Британиядаги Йор, Ўзбекистондаги Ичан-қалъа, Франциядаги Каркассон ва бошқалар жаҳонга машҳурдир, деб ёзади нашр.  

Муаллиф асрлар давомида шаҳарлар учун ҳимоя истеҳкоми вазифасини бажарган ушбу тўққиз қалъа бутун дунёда бориб кўриш учун муҳим бўлган жойлар қаторига киришини таъкидлар экан, ўзининг ноёблиги ҳамда таъсирчан кўриниши билан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилишини қайд этган.

Мақолада таъкидланишича, рўйхатнинг бешинчи қаторида қайд этилган Ичан-қалъа Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири – Хивада жойлашган. Ушбу қалъа деворларининг узунлиги 2 километргача етади ва баландлиги 10 метрдан юқори бўлган улкан миноралардан иборат.

«Қалъа ичидаги кўҳна бинолар жуда яхши ҳолатда бизгача етиб келган. Тадқиқотчилар учун улкан илмий манба, сайёҳлар учун учун эса масжидлар, саройлар ва минораларга эга бўлган ушбу маскан жозибали ва экзотик манзилдир», деб ёзади муаллиф.

Мавзуга оид