Блогер Никита Макаренко Telegram-каналида тоғ-кон саноатида ишлайдиган ўқувчиларидан бирининг сўзлари асосида Тошкентдаги чангнинг асосий сабаби “Ёшлик I” кони экани ҳақида ёзди.

“ОКМК “Ёшлик I” конининг янги участкасида карьер (очиқ усулда қазиб олиш) ишларини бошлаган. У ерда ҳар куни портлатиш ишлари олиб борилмоқда. Бир неча юз минг тонна тоғ жинси, асосан қуруқ лой ва гипс массаси ҳавога кўтарилади ва буларнинг барчаси шамол билан Тошкентга келади”, – дея ўз ўқувчисининг сўзларини келтирган блогер.

Хабарда, пудратчилар бу вазиятнинг олдини олиш чораларини (фильтрлар ўрнатиш, чангга қарши воситалар ва бошқалар) таклиф қилишгани, аммо ОКМК бунга рози бўлмагани, чунки бунинг учун тахминан 150 млн доллар керак бўлиши айтилган.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати юқорида келтирилган фикрларни рад этди.

Расмий муносабатда айтилишича, ОКМК томонидан “Ёшлик I” конида устки қатлам ишларини амалга ошириш ва руда қазиб олиш мақсадида бурғилаш ва портлатиш ишлари меъёрий талабларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

“Шу билан бирга, кон очиш ишлари тоғ жинслари, диоритлар ва сиенито-диоритлар туб жойлашувлари, шунингдек рудаларни қазиб олиш учун амалга ошириб борилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш зарурки, туб жинсларининг қаттиқлиги Протодьяконов шкаласи коэффициенти бўйича кон майдонида IX дан XIV гачани ташкил қилади.

Ер тупроқ (лойсимон) жинсларини қазиб олишда бурғилаш ва портлатиш ишлари олиб борилмайди, фақат тоғ жинсларининг экскавацияси олиб борилади. Кон майдонида гипс жинслари йўқ, чангни бостириш учун тош массасига сув сепиш ишлари ташкил этилган”, – дейилади расмий ахборотда.

Маълум қилинишича,  “Ўзбекистон Республикасининг аҳоли яшайдиган ҳудудларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария нормалари ва қоидалари”, “Рангли металларни қазиб олиш учун чиқинди тўплаш омборлари ва шламйиғгичлар” низомларига мувофиқ, 500 метрлик санитария муҳофазаси зонасига риоя қилиниши таъминланган.

“Ёшлик I” кони бўйича шамол эсишига тўхталадиган бўлсак, “Ёшлик I” кони Олмалиқнинг жанубий қисмида, Тошкент шаҳридан 61,4 км масофада (азимут йўналиши 333 градус), ундан шимолроқда жойлашган. Шамолнинг ўртача йиллик тезлиги ҳудудда 1,2 м/секундга тенг, унинг ортиб кетиш эҳтимоли 5% ва 5 м/секундгача тенг бўлиши мумкин.