Бу қишда йирик юриш қилиш учун икки томонда ҳам имконият ва асослар бор эди. Кузги кампанияни улкан ғалабалар билан якунлаган Украина муваффақиятни Луҳанск области ғарби ва шимолида ривожлантиришга уриниб кўриши ёки жанубий йўналишлардан бирида - балки бир вақтнинг ўзида бир нечасида - ҳужум қилиши мумкин эди.

Сафарбарлик эвазига сафларини тўлдирган Россия эса Донбасс шимолида ташаббусни қўлга олиб, Лиман атрофида ва Харкив области шарқида бой берилган ҳудудларни қайтариб олишга уриниб кўриши, шунингдек, Запорижжяда ва Донецк области жанубида юриш бошлаши кутилганди.

«Генерал Аёз» томонларнинг иккисига ҳам халақит қилди ва шу вақтнинг ўзида ёрдам кўрсатди - пиёда қисмлар ҳаракати қийинлашди, аммо музлаган тупроқда зирҳли техникалар ҳаракатланиши осонлашди. Қишда маскировка (яшириниш) қийин, аммо нишонни белгилаш осон. Ёзда таъминот муаммо - қишда бу янада ёмонроқ.

Украина қуролли кучлари стратегик мудофаани эгаллашни афзал кўриб, Креминна атрофида ва Северодонецк-Лисичанск агломерациясидан шимоли-ғарбида локал ҳужумлар уюштириш билан чекланди. РФ қуролли кучлари эса фронтнинг турли участкаларида фаоллик кўрсатган бўлса-да, асосий кучларини Донецк областида - ҳудуд шимоли-шарқидаги Бахмут атрофида ва Донецк яқинида жамлади, бу жойларда Украина армияси област марказига ва Запорижжя области жанубидаги Россия гуруҳи таъминот йўлларига таҳдид солаётганди.

Ҳозирда икки томон ҳам захираларини тўпламоқда. Украина Ғарб мамлакатларидан қабул қилиб олинган ҳарбий техникаларни сафга чиқармоқда, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда, штурм қисмларни ўқитмоқда, янги бўлинмалар шакллантирмоқда ва баҳор-ёздаги юриш учун режалар ишлаб чиқмоқда. Россия ўзига мерос бўлиб қолган совет ҳарбий омборларини инвентаризация қилиш билан жадал шуғулланмоқда, бу жойларда сақланаётган ўқ-дориларни экспертизадан ўтказмоқда, қурол-яроғ таъминоти учун қўшимча манбалар қидирмоқда, сафарбар қилинганларни ўқитмоқда ва йилнинг иссиқ даври учун режалар тузмоқда.

Фронтдаги вазиятнинг қисқача шарҳи

Херсон области

Днипронинг ўнг соҳилидан чекингач, Россия бўлинмаларининг катта қисми Украина артиллерияси етиб бора олмайдиган масофадаги ичкари ҳудудларга олиб кетилди. Туташув чизиғи яқинида, ороллар ва Кинбурн яриморолида кичик гуруҳлар жойлаштирилди. Уларнинг асосий вазифаси - украинлар чап соҳилга десант туширишига йўл қўймаслик ва хатар ҳақида огоҳлантиришди.

Айни вақтда бу ҳудудда фронт чизиғи Днипро дарёси бўйлаб барқарор. Ҳарбий экспертлар Украина қуролли кучлари фронтнинг бу участкасида юриш бошлаши эҳтимоли кам деб ҳисоблайди. Биринчидан, бунинг учун катта дарёни кечиб ўтиш талаб этилади - бу эса жуда мураккаб амалиётдир. Иккинчидан, Днипро кечиб ўтилгач, ҳужум қилаётган бўлинмаларга тўхтовсиз таъминот етказиб турилиши керак, буни қандай қилиш - катта савол. Днипро узра ўтган кўприклар вайрон қилинган, понтон ва паром кечувлар ишончли эмас, авиация етарли эмас.