Ўзбекистон | 10:07 / 05.03.2023
21902
5 дақиқада ўқилади

Ҳудудлардаги боғча тарбиячиларига ойлик берилмаяпти. Муаммо нимада?

Бир нечта ҳудудда оилавий ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғча мудиралари ҳамда тарбиячилари 3 ойдан бери маош олмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uzʼга боғча ходимлари томонидан мурожаатлар келиб тушди. Улар ойлик маошларини вақтида олмаётганини билдирди.

«Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар «Юлдузча» номли ДХШМТТда тарбиячи бўлиб ишлайман. Январ ойидан бери 4 нафар тарбиячига давлат томонидан ойлик тушмаяпти. Раҳбариятимиздан сўрасак: «Давлат тушириб берса, берамиз», – деди улар.

Ходимлар ишлашдан чарчади, билим беришни ҳам хоҳламаяпмиз. Ойлик йуқлиги учун оиламизда етишмовчиликлар бошланди. Кайфиятимизга катта таъсир кўрсатяпти. Инсофли одамлар борми бу дунёда? Ойлик бўлмаса, сифатли таълимни қаердан берамиз», — дейди Гулбаҳор Закирова.

Шунингдек, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги оилавий боғча раҳбари Нигора Истамова ҳам худди шу муаммодан норозилигини айтади.

«Оилавий боғчамизда тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячига ойлик иш ҳақи давлат томонидан тўланади. Мана учинчи ой келди, март бошланди — январ ойлигидан дарак йўқ.

Бу масалани жуда кўп суриштирдим. Туман мактабгача таълим бўлимидан, туман ғазначиларидан сўрадим. Ҳаммаси республикага боғлиқлигини айтишяпти. Биз «nodavlat.uz» сайтида давомат қиламиз, шу сайтнинг техник ходимларига ҳам мурожаат қилдим. Мактабгача ва мактаб вазирлиги ишонч рақамларига шунча уринмай, улана олмадим.

Биздаги сайтда ойликларимиз ҳисобланган ҳолатда турибди, лекин жуда кам. Ойлик маош 3 млн 600 минг. Икки нафар ишчига сайтда ҳисоблангани эса 2 млн 700 минг сўмни ташкил киляпти», — дейди у.

Жиззах вилоятида иккита боғча эгаси Қизлархон Абдурасулованинг ёзишича, унинг Зомин туманида жойлашган «Ўринбоева Ҳабиба» номидаги боғчасига субсидия ҳам, иш ҳақи ҳам тушмаган.

«Январ ойида ҳеч нима тушмади, олдинги ойлар хам муаммо билан базўр туширтиргандик. Ойлик субсидияларнинг нима учун тушмаслиги сабабини билмадим, лекин ҳамма нарсам жойида.

Техник ёрдамга ёзганимда, менга улар туман бўлими орқали вазирликка чиқишимни, мазкур масалани улар ҳал қилишини айтди. Мен бўлимда масъул ходимимизга айтгандим. У эса «сабр қилинг, сизники ишланган турибди», – деди. Хуллас, жудаям эзилиб кетдик, вақтида на ойлик, на субсидия ололамиз. Уч нафар ходим ойлик олгани йўқ», — дейди Абдурасулова.

Бундан ташқари нодавлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари учун ташкил қилинган Телеграмʼдаги чат гуруҳида ҳам шу мазмунда юборилган жуда кўплаб шикоятларни кўриш мумкин.

Вазирлик хабардор

Kun.uz ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Мавлуда Асқархўжаева билан боғланди. Унинг айтишича, юқоридаги муаммодан вазирлик хабардор, тез орада бу масала ҳал қилинади.

«Ҳужжат чиқарилди. Душанба кунидан бошлаб, ҳамма нодавлат МТТларга иш ҳақлари молиялаштирилади. Битта январ ойига тўлаш масаласи муаммо бўлганди. Чунки совуқ муносабати билан кимдир ишлади, кимдир ишламади. Шундай бўлиб қолди», — деди Асқархўжаева.

Бироқ нечта оилавий ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчаларга иш ҳақи учун субсидия ажратилмаётгани, бу муаммонинг юзага келишидаги асосий сабаб ва омиллар очиқланмади.

Меъёрий ҳужжат нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил август ойида қабул қилинган тегишли қарори билан давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган, шу жумладан, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига субсидия тўлаш тартиби қуйидагича белгиланган:

Cубсидия тўлаш ходимларнинг ишга келиб-кетиши ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб, Мактабгача таълим вазирлигининг нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимида (кейинги ўринларда НМТТБАТ) автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади.

Ҳисобот ойида болаларнинг ўртача ойлик давомати тизимда рўйхатга олинганлар сонига нисбатан 40 фоиздан кам бўлганда, бу ой учун уларга давлат бюджетидан иш ҳақи тўланмайди. Аммо ҳудуддаги фавқулодда ҳолатлар, об-ҳавонинг кескин совиб ёки исиб кетиши, санитария-эпидемиологик вазиятлар ва бошқа ҳолатлар рўй бериши сабабли давомат камайиши ҳолатлари бундан мустасно дейилган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид