Сиетлнинг рамзи бўлган кузатув минораси – Space Needle яқинида, ҳар йилги озиқ-овқат фестивалида содир бўлган бу отишмада уч киши ҳалок бўлди ва бир нечта инсонлар яраланди. Жароҳат олганлар орасида 2 ёшли бола ҳам бор. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, икки қуролланган шахс бир-бирига қарата ўқ узган. Бир гумонланувчи воқеа жойида қўлга олинган, иккинчисини эса қидирув ишлари давом этмоқда. Фойдаланилган иккала ўқотар қурол ҳам воқеа жойидан топилган.

Полиция айни дам ҳодисанинг сабабини аниқлагани йўқ, бу оммавий ҳужумми ёки икки инсон ўртасидаги можаро – текширилмоқда. Расмийлар айни пайтда бу ҳудудда ҳаракатланиш ва кўчага чиқиш учун хавф йўқлигини айтишмоқда.
AP нашрининг ёзишича, Space Needle яқинидаги Bite of Seattle озиқ-овқат фестивали бўлаётган ҳудудда 26 июль куни соат тахминан 18:30 ларда ўқ овозлари эшитилган. Дастлаб кетма-кет ўқ овозлари эшитилган, одамлар ваҳимага тушиб ҳар томонга югура бошлаган. Ота-оналар болаларини у ердан олиб кетишга уринган. Баъзи ОАВ нинг ёзишича, ўша пайтда атрофда ағдарилиб ётган болалар аравачалари бор эди. Одамлар эса бир-бирининг устидан юриб ўтган.

Сиетл мери воқеани “дахшатли зўравонлик” деб атаб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Полиция эса айни пайтда жамоатчиликка хавф йўқлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Bite of Seattle ҳар йилги фестивал бўлиб, юз минглаб сайёҳларни ўзига жалб қиларди. Масалан, бу йилги тадбирда 350 минг киши қатнашгани айтилади.

Интернетда улашилган видеоларда отишма пайтида одамлар ерда чўккалаб, Space of Needle фойесида устунлар ва товарлар солинган жавонлар орқасига яширинганликлари кўринади.
"Аввалига мушакбозлик бўлади деб ўйлагандим, кейин ҳамма ваҳимага тушиб, ёнимиздан югуриб ўтди", дейди гувоҳлардан бири CBS телеканалига интервьюси чоғида.

"Ҳамма югуришни бошлади, шунинг учун биз ҳам югурдик, боғ бўйлаб югурдик, орқага чекиндик ва оломон билан югуришда давом этдик", дейди яна бир гувоҳ Associated Press агентлигига.
Полицияга кўра, ҳалок бўлганлардан иккитаси эркак киши – 19 ва 44 ёшда, биттаси эса аёл киши бўлиб, у 56 ёшда бўлган. Сиетлда давлат байроқлари фожиа муносабати билан бугундан бошлаб ярим метрга пастга туширилди.

Kun.uz билан гаплашган Вашингтон штатидаги бош консул
Аҳрор Бурхоновга кўра, отишма оқибатида ҳалок бўлган ва зарарланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

















