Жаҳон | 18:14 / 07.03.2023
11165
2 дақиқада ўқилади

Россиядан депортация қилинган мигрантлар амнистия этилиши мумкин

Майда қонунбузарлик учун депортация қилинган мигрантларга енгиллик бериш масаласи муҳокама этилмоқда.

Фото: ТАСС

Илгари майда қонунбузарлиги учун депортация қилинган меҳнат мигрантларининг амнистия қилиниши қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларидаги кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Бу ҳақда Россия Давлат думасининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Артём Кирянов гапирди.

«Албатта, биз ноқонуний фаолият билан шуғулланган шахсларни қайтариш зарурлиги ҳақида гапирмаяпмиз. Аммо, масалан, Россияда бўлиш шартларини бузган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, лекин ҳеч кимга зарар етказмаганларга амнистия қўлланилиши мумкин, менимча», деди Кирянов.

Давлат Думаси депутати Владимир Ресин ҳам ушбу масалани кўриб чиқиш ҳақида гапирди.

«Қурилиш вазирлиги ва ҳукумат вазиятни кузатиб бормоқда ва агар керак бўлса, қўшимча чоралар кўришга тайёр. Масалан, бир пайтлар миграция режимини бузгани учун чиқариб юборилган меҳнат мигрантларига нисбатан амнистия эълон қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда», деди Ресин.

Аввалроқ, Россиядан депортация қилинган хорижлик қурувчилар учун амнистия зарурлигини «Нострой» компанияси президенти Антон Глушков ҳам таъкидлаган эди.

«Менимча, ҳозир Россия ҳудудидан депортация қилинган хорижий ишчи кучи масалаларида амнистия деб аталадиган механизмни ишлаб чиқиш вақти келди. Чунки хорижий ишчи кучи керак, уларда Россияда ишлаш тажрибаси, кўникмалари бор», деди Глушков.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда Россияда 6,5 миллионга яқин қурувчи ишлаган, 2030 йилда эса қурилиш индустриясини ривожлантириш мақсадларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг сони 8 миллионга етиши керак.

Россиядан депортация қилинган мигрантларнинг қачон амнистия этилиши ҳозирча маълум эмас.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид